Шавкат Мирзиёев: Қоғозбозликка берилиб, амалий натижани кейинги ўринга тушириб қўйган раҳбарлар билан хайрлашамиз
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида одамларнинг яхши яшашга бўлган талаблари ортиб бораётганига эътибор қаратди.
- Энди кечаги натижа билан халқимизни рози қила олмаймиз. Бугунги кун талаби ҳар куни изланиш, янгилик яратишдир. Шундагина халқимиз ҳаёти яхши томонга ўзгаради, - деди давлат раҳбари.
Аввало, қонун, фармон ва қарорлар ижросини тўғри ташкил этиб, амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳар бир туман ва қишлоққача етиб боришини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
- Биз қанча мукаммал қонун, фармон ва қарорлар қабул қилмайлик, агар улар жойларда етарлича амалга оширилмаса, шунча меҳнат ва саъй-ҳаракатимиз натижаси сезилмай қолаверади, - деди Шавкат Мирзиёев. - Шунинг учун вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимликлар ишини оқилона ва самарали йўлга қўйиш ҳукуматнинг бош вазифаси бўлиши лозим. Энди ҳар бир топшириқнинг ижро этилгани қоғозга қараб эмас, эришилган пировард натижага қараб баҳоланади.
Ҳар бир ижро органи ўзи масъул бўлган соҳани ўрта ва узоқ истиқболда ривожлантириш бўйича аниқ режа ва дастурларга эга бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
- Энди иш фаолиятини фақат ишхонасида ўтказган ва қоғозбозликка берилиб, амалий натижани кейинги ўринга тушириб қўйган раҳбарлар билан хайрлашамиз. Марказда ўтираверган вазирлар халққа нима кераклигини қаердан билади? Тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари иш услубини ўзгартириб, масъулият ва жавобгарликни ўз зиммасига олишни ўрганиши, ўз аравасини ўзи тортиши керак. Ўз вақтида ҳал қилинмаган муаммолар жойлардаги аҳоли кайфияти ва турмуш шароитига катта таъсир кўрсатишини бир сония бўлса ҳам унутмаслигимиз зарур, - деди Президент.
Давлат органлари фаолияти ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши устувор вазифага айланиши кераклиги белгиланди.
Қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимияти ўртасидаги ўзаро самарали ҳамкорликни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш, ижроия органлари раҳбарларининг Олий Мажлис палаталари олдидаги ҳисобдорлигини янада ошириш зарурлиги таъкидланди.
Мавзуга оид
20:48 / 09.10.2024
Бухоронинг янги аэропорти соатига 8 та самолётга хизмат кўрсатади
21:49 / 08.10.2024
Мирзиёев МДҲ саммитида кўптомонлама ҳамкорлик барча йўналишларда ривожланганини юқори баҳолади
19:31 / 06.10.2024
Шавкат Мирзиёев Россияга боради
16:30 / 01.10.2024