АҚШ Беларусь ва Қирғизистон фуқароларига мамлакатга киришни чеклаб қўйиши мумкин
АҚШ маъмурияти «стоп-рўйхат»га еттита янги давлатни қўшмоқчи. Оқ уйдаги манбаларга кўра, рўйхат ҳали якуний эмас
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти фуқароларига АҚШга кириш тақиқланиши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Оқ уйдаги манбаларга асосланиб, The Wall Street Journal хабар бермоқда. Худди шу маълумотни Politico нашри манбалари ҳам тасдиқлади.
«Стоп-рўйхат»га еттита янги давлат - Беларусь, Қирғизистон, Эритрея, Мьянма, Нигерия, Судан ва Танзания киритилиши кутилмоқда.
WSJ суҳбатдошларининг тушунтиришича, мамлакатлар АҚШга умумий саёҳат қилиш бўйича чекловларга дуч келмайдилар, лекин бизнес ёки меҳмон каби визаларнинг айрим турларига нисбатан қўлланиладиган чекловларга эга бўлиши мумкин.
Манбалар рўйхат ҳали якуний эмаслигини қўшимча қилган. АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги ва Давлат департаменти изоҳ бериш борасидаги сўровларга жавоб қайтармади, дея қўшимча қилади Politico.
Сешанба куни Трамп Давосдан WSJ’га интервью бериб, фуқароларига АҚШга кириш тақиқланган мамлакатлар рўйхатини кенгайтириш масаласини кўриб чиқаётганини тасдиқлади, аммо у бу мамлакатлар номини аниқ айтмади.
Оқ уй расмий вакили Хоган Гидли «стоп-рўйхат»ни кенгайтириш борасидаги режалар ҳақида бирон бир тафсилотни ошкор этишдан бош тортди, аммо билвосита бу чорани қўллаб-қувватлади, дея қўшимча қилади Politico. «Саёҳатларга қўйилган тақиқ мамлакатимизни ҳимоя қилиш ва бутун дунёда хавфсизлик даражасини кўтаришда жуда муваффақиятли бўлди», - деди у. «Ҳозирги пайтда умумий ҳолат ва миллий хавфсизлик манфаатларига асосланган янги баёнотлар мавжуд эмас (тақиқни узайтириш тўғрисида), агар мамлакат АҚШ иммиграцион дастурларида тўлиқ иштирок этишни истаса, у барча хавфсизлик ва аксилтеррор чораларига риоя қилиши керак, чунки биз терроризмни ёки миллий хавфсизликка таҳдид соладиган ҳар қандай бошқа кўринишни АҚШга импорт қилишни истамаймиз», - деди у.
Трамп дастлаб баъзи давлатлар фуқароларининг Қўшма Штатларга киришини тақиқловчи фармонни 2017 йил январь ойида, лавозимга киришганидан бир ҳафта ўтгач имзолаган. Дастлаб фармонда асосан мусулмон аҳолиси бўлган етти мамлакат фуқароларига виза беришни рад этиш назарда тутилган. Кейинчалик бир қатор суд ишлари натижасида ҳужжатга баъзи ўзгаришлар киритилди. Натижада, фармоннинг якуний версияси Эрон, Ливия, Сомали, Сурия, Яман, Венесуэла ва Шимолий Кореядан бўлган баъзи фуқароларнинг АҚШга киришини чеклади.
Мавзуга оид
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
16:25 / 09.11.2024