Россиянинг юқори мартабали мулозими Москва Украинадаги тинчлик жараёни доирасида муҳокама қилинаётган Европанинг янги хавфсизлик архитектураси доирасида НАТО давлатлари билан ҳужум қилмаслик тўғрисида пакт тузиши мумкинлигини билдирди. Унинг сўзларини Reuters агентлиги келтирди.

Нашр Россия ТИВ дипломати Алексей Дробининнинг сўзларидан иқтибос келтирган. Унга кўра, Абу-Дабидаги учрашувда мазкур масалани ҳал этишнинг бир неча варианти кўриб чиқилган. Биринчиси — коллектив мудофаа иттифоқи ёки Россия Беларус ҳамда КХДР билан тузган ўзаро ёрдам тўғрисидаги икки томонлама битимлар каби келишувлар.

Россия томонидан таклиф этилган иккинчи имконият — тажовуз содир бўлган тақдирда бир-бирининг рақибларига ёрдам кўрсатмаслик ҳақидаги сиёсий келишувлар бўлиб, бунга Москва ва Теҳрон ўртасидаги пакт мисол бўла олади. Учинчи вариант эса, мулозимнинг сўзларига кўра, ўзаро ҳужум қилмаслик тўғрисидаги икки томонлама пактдир.

«Масалан, бундай турдаги келишувларни, хусусан, НАТОга аъзо айрим давлатлар билан тузиш мумкин, шунда улар кейинчалик Россиядан қўшимча индивидуал хавфсизлик кафолатларига эга бўлар эди», – деди Дробинин.

Шу билан бирга, Россия музокаралар гуруҳи раҳбари Владимир Мединский Европанинг янги хавфсизлик тизими ғояси Абу-Дабидаги икки кунлик музокараларнинг асосий мавзуларидан бири бўлганини таъкидлади. Бироқ Мединский ушбу ғоялар доирасида айнан нималар муҳокама қилингани ҳақида батафсил тўхталмади.

Нашрнинг қайд этишича, европалик сиёсатчиларнинг бир қисми Украинадаги уруш якунига етмагунига қадар Европанинг умумий хавфсизлик архитектураси юзасидан ҳар қандай музокарага қарши чиқмоқда. Вашингтон эса жанговар ҳаракатларни тўхтатиш бўйича музокаралар доирасида бундай масалаларни муҳокама қилишга тайёрлигини очиқчасига билдирган.

Шу билан бирга, музокаралар иштирокчиларининг фикрларига қараганда, ушбу учрашувда ҳудудий масалалар бўйича муросага эришилмаган. Хусусан, Украина Президенти девони раҳбари Кирилл Буданов журналистларнинг Россия Киевдан Донбассни топширишни талаб қилишда давом этяптими-йўқми, деган саволларига жавоб беришдан бош тортди. Россия музокаралар гуруҳи раҳбари Владимир Мединский эса Россия ўзига керакли ҳудудларни барибир ҳар қандай йўл билан қўлга киритишини яна бир бор таъкидлади.