Таҳририятга навбатдаги мурожаат Бухоро вилояти Ғиждувон туманидан келиб тушди. Тумандаги «Помўза» маҳалласи фаолларининг айтишларича, 4200 кишидан зиёд аҳоли, 1150дан зиёд мактаб ёшидаги болалар истиқомат қилаётган маҳаллада мактаб йўқ.

Оқсоқолларнинг айтишича, маҳалладаги мактаб ўқувчилари туман марказидаги серқатнов йўллар бўйлаб юриб, 2,5–3 км масофага мактабларга пиёда қатнашмоқда. Боз устига, улар қатнаётган мактабларнинг барчаси туман марказига элтувчи серқатнов йўлнинг нариги томонида жойлашган. Яъни, мактаб ўқувчилари албатта йўлнинг қатнов қисмини кесиб ўтишга мажбур.
Маҳалла фаолларининг айтишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5812-сонли «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра, Ғиждувон туманидаги 4та касб-ҳунар коллежлари умумтаълим мактабларига айлантирилиши керак бўлган.
Жумладан, маҳалла ҳудудида жойлашган 765 ўринли Ғиждувон агросаноат касб-ҳунар коллежи ҳам мактаб қилиниши лозим эди.


Қолган учта коллеж мактабларга айлантирилган, бироқ, маҳалла аҳлига кўра, президент фармонига терс ўлароқ, Ғиждувон агросаноат касб-ҳунар коллежи биноси тумандаги 65-ихтисослаштирилган мактаб-интернатга берилган.
Айни пайтда мактаб интернатда 230 нафар ўқувчи ўқимоқда. Унинг биносининг бир қисми «Баркамол авлод» болалар марказига ажратилган.

65-интернат директори Ёрқинжон Туробовнинг айтишича, аввалги мактаб-интернатнинг «Ҳалқаобод» МФЙда жойлашган ётоқхонаси ва ошхонаси абгор аҳволда бўлган. У 2016 йилда улар бузилган ва мактаб-интернат тасарруфида 8та синфхонали корпус қолган. Бироқ, мактаб-интернатнинг рейтинги юқори. Бу ерда республиканинг турли вилоятларидан ўқувчилар келиб ўқишади. Шу сабабли вилоят ва туман раҳбарлари қарори билан интернатни туман марказига кўчиришга қарор қилинган.




















