Ўзбекистон | 14:20 / 25.01.2020
20183
2 дақиқада ўқилади

Ҳукумат муассислигидаги «Янги Ўзбекистон» газетасининг илк сони чоп этилди

Ўзбекистонда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, ахборотлашган жамият барпо этиш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.

Шу билан бирга, амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларини ва юртимизда ҳамда дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни кенг жамоатчиликка тезкор ва холис етказиб беришда янгича ёндашувлар талаб этилмоқда.

Ана шу ҳаракатлар натижаси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси муассислигида 2020 йил 25 январдан бошлаб «Янги Ўзбекистон» газетаси чоп этила бошланди.

Мазкур нашрнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фаолияти, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқимиз ҳаёти фаровонлигини ошириш, халқаро майдонда ватанимизнинг обрў-эътибори ва нуфузини юксалтириш йўлидаги сиёсатини ҳамда унинг натижаларини кенг ёритиш, шунингдек, ҳукумат фаолияти, хусусан унинг яқин келажакка ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури, уни амалга ошириш жараёнлари ҳамда натижалари тўғрисида таҳлилий мақолалар эълон қилиб бориш белгиланган.

Газетанинг илк сонида президент Шавкат Мирзиёевнинг парламентга мурожаатномаси, шунингдек, газета жамоасига табриги эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.

Ҳукумат қарорига кўра, «Правда Востока» газетаси таҳририяти» давлат корхонаси номи «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти» деб ўзгартирилган ҳамда иккала газета битта таҳририятга бирлаштирилган.

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти» давлат корхонаси ходимларининг умумий чекланган сони 122 нафар, шу жумладан бошқарув ходимларининг сони 15 нафардан иборат.

Мавзуга оид