Президент Шавкат Мирзиёев 28 январь куни транспорт тизимини самарали ташкил этиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

«Мазкур соҳадаги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, транспорт коммуникацияларини стратегик ривожлантириш ва барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 1 февралдаги фармонига биноан Транспорт вазирлиги ташкил этилган эди.

Бу борада муайян ишлар қилинган бўлса-да, мамлакатимизнинг транспорт-транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Халқаро экспертларнинг хулосасига кўра, Ўзбекистон транзит салоҳиятини ҳозирги 7 миллион тоннадан 16 миллион тоннага, 2030 йилда эса минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш эвазига 23 миллион тоннага етказиш имконияти мавжуд.

Жаҳон банкининг логистика рейтингида юртимиз 163та давлат орасида 99-ўринда бўлиб, халқаро ташувларни амалга оширишнинг соддалиги бўйича 120-ўринда қайд этилган.

Оптимал тариф сиёсати мавжуд бўлмагани сабабли транзит юк оқимини жалб этиш ва маҳаллий товарларни ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш имконияти чекланмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда транзит сиёсатини бутунлай қайта кўриб чиқиш Транспорт вазирлигининг энг муҳим вазифаларидан бири экани таъкидланди.

Темир йўл тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳага хусусий капитални кенг жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳолат ҳам танқид қилинди. Миллий авиакомпания негизида ташкил этилган Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports акциядорлик жамиятлари мустақил ташкилотлар сифатида фаолиятини тўлиқ йўлга қўймагани сабабли ислоҳотлар натижаси кўринмаяпти.

Шунингдек, ўтган йили 4та аэропортда «очиқ осмон» режими жорий этилиб, «бешинчи ҳаво эркинлиги» ўрнатилган эди. Аммо ҳануз бирорта ҳам хорижий авиакомпания жалб қилинмади. Бу ҳолат йўловчиларнинг асосли эътирозларига, бошқа хорижий авиакомпаниялар хизматидан фойдаланишига сабаб бўлмоқда.

Шу боис, Жаҳон банкининг тавсиялари асосида соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни тўлиқ якунига етказиш ва рақобат муҳитини яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Навоий ва Термиз халқаро аэропортларини юк ташиш ҳабига айлантириш мақсадида «очиқ осмон» режимини жорий этиб, хорижий юк ташувчи авиакомпанияларни кенг жалб қилиш вазифаси белгиланди.