Жамият | 15:00 / 30.01.2020
13098
2 дақиқада ўқилади

Пахтачидаги мактабда ўқувчиларни жазолаш учун совуққа олиб чиқиб қўйган ўқитувчига чора кўрилди

Ота-оналар фарзандларининг шўхлигини тан олиб, ўқитувчининг меҳнатидан миннатдор эканлигини билдиришган.

Самарқанд вилояти Пахтачи туман халқ таълими бўлими 28 январь куни ижтимоий тармоқларда эълон қилинган «Нима, бечора болаларни совуққа олиб чиқиб жазолаш энди янги трендга айландими? Бу нотўғри!» постига муносабат билдирди.

«Жорий йилнинг 28 январь куни Пахтачи туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги 28-умумий ўрта таълим мактабидаги ҳолат акс этган «Нима, бечора болаларни совуққа олиб чиқиб жазолаш энди янги трендга айландими? Бу нотўғри!» мазмунида ижтимоий тармоқларда видео материал тарқалди.

Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш, 28-умумтаълим мактаби педагогик жамоаси фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликларни муҳокама қилиш мақсадида Пахтачи туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими масъул ходимлари, туман Нуроний жамғармаси, «Гулистон» маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳамда мактаб ўқитувчилари, ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида йиғилиш ташкил этилди.

Маълум бўлдики, ҳақиқатан ҳам ушбу умумтаълим муассасаси бошланғич синф ўқитувчиси Ю.Б. ўқув биносининг иккинчи қаватидаги синфхоналардан бирида дарс машғулоти ўтиш давомида тартибсизлик қилган ўқувчилар Д.Д. ва Н.Ш.га танбеҳ бериш мақсадида синфхонадан залга чиқаради. Ўқитувчи болаларга танбеҳ бериб, уларни яна синфхонага олиб кирган.

Йиғилишда ўқувчилар — Д.Д. ва Н.Ш.нинг ота-оналари томонидан Ю.Б.нинг хатти-ҳаракатларига эътироз билдирилмади. Аксинча, ота-оналар фарзандларининг шўхлигини тан олиб, ўқитувчининг меҳнатидан миннатдор эканлигини билдиришди. Бироқ, ўқитувчи Ю.Б.нинг ўқувчиларга нисбатан қаттиққўллик қилгани, вазифасига нисбатан эътиборсизлик қилгани учун унга интизомий жазо чораси қўлланди», дейилади Пахтачи туман халқ таълими бўлими хабарида.

Мавзуга оид