Ўзбекистон | 17:26 / 30.01.2020
13411
5 дақиқада ўқилади

Президент қарори: Чорвачилик хўжаликларига субсидия ва экин ерлари ажратилади

Ўзбекистонда чорва моллари ва парранда бош сонига мутаносиб равишда экин ерлари ажратилади.

29 январь куни «Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 4576-сонли президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан Чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш Республика кенгаши ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди.

Жумладан, кенгаш чорвачилик соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш саноати корхоналари ҳамда чорвачилик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.

Қарорга мувофиқ:

  • чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик бўйича лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган 20 миллиард сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкининг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига компенсация ёки кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида кафиллик тақдим этилади;
  • тадбиркорларга эквиваленти 20 миллиард сўмдан ошмайдиган хорижий валютадаги кредитлар учун тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 40 фоизигача, лекин 4 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим этилади.

Шунингдек, 2020-2022 йилларда давлат томонидан қуйидаги тартибда субсидия ажратилади:

Чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга:

  1. республикада фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олинган ҳар бир бош қорамолга 1 миллион сўм миқдорида;
  2. хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорида;

«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасига аъзо бўлган интенсив усулда балиқ етиштирувчи хўжаликларга:

  1. интенсив усулда етиштирилган бир тонна балиқ маҳсулоти учун 1 миллион сўм миқдорида;
  2. Ўзбекистон ҳудудига импорт қилинган 1 дона наслдор она балиқнинг 3,5 миллион сўмгача бўлган харажатларининг 50 фоизи миқдорида;

«Паррандасаноат» уюшмасига аъзо бўлган паррандачилик хўжаликларига ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 9 минг сўмини қоплаш учун.

Ҳужжатга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари:

  • 2020 йилда яйловлар ҳамда Президентнинг 2019 йил 17 июндаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида назарда тутилган қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш ҳисобидан озуқабоп экинларни етиштиришни йўлга қўйиш учун чорвачилик хўжаликларига ажратиб берилишини;
  • Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси билан биргаликда пахта-тўқимачилик кластерлари ва пахтачилик-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари экин майдонининг 10 фоизига беда экилишини таъминлайди.

Чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш Республика кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан чорвачилик, шу жумладан, паррандачилик хўжаликларига озуқабоп экинлар экиш учун чорва моллари ва парранда бош сонига мутаносиб равишда экин ерлари ажратилишини доимий равишда назорат қилиб боради.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси:

  • Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳузуридаги Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ходимларини жалб қилган ҳолда жойларда сут соғувчиларни тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этади;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Жиззах, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари ва «Паррандасаноат» уюшмаси билан биргаликда паррандаларнинг юқори маҳсулдор зотлари ва кроссларини урчитиш билан шуғулланувчи гўшт йўналишидаги II тартибли репродуктор наслчилик паррандачилик корхоналари фаолиятини йўлга қўяди.

Ҳужжат билан Транспорт вазирлиги ва Uzbekistan Airways’нинг 2022 йил 1 январга қадар «Паррандасаноат» уюшмаси таркибидаги паррандачилик корхоналарига ўзи ишлаб чиқарган тухум ва гўшт маҳсулотларини экспорт қилишда наслдор инкубацион тухум ва наслдор бир кунлик жўжаларни, вакцина, ветеринария дори воситаларини импорт қилишда, истисно тариқасида, амалдаги ҳаво транспортида ташиш тарифларига нисбатан 20 фоизлик чегирма бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда озуқа экин майдонларидан келиб чиққан ҳолда 2020-2022 йиллар учун озуқабоп экинлар уруғчилигини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид