Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 июлдаги 426-сон қарори билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этишга оид муҳим ҳужжатлар тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, агентлик тўғрисидаги низомда унинг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ташкилий тузилмаси ҳамда раҳбарияти ваколатлари белгилаб берилган. Ҳужжатда чорвачилик соҳасини ривожлантириш, наслчилик ишларини такомиллаштириш, яйловлардан самарали фойдаланиш, инвестицияларни жалб қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш каби устувор йўналишлар назарда тутилган.
Шунингдек, агентлик ҳузуридаги Чорвачилик тармоқларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби ҳам тасдиқланди. Мазкур маблағлар соҳани ривожлантириш, илмий-тадқиқот ва инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда бошқа мақсадли йўналишларга йўналтирилади.
Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари ҳамда қишлоқ хўжалиги вазири зиммасига юклатилган.











