Вьетнам пойтахти Ханойда ўзингизни худди ўтмишда юргандек ҳис этасиз. Эски шаҳарнинг тор ва қаровсиз кўчалари, транспорт воситаларининг тартибсиз ҳаракати, қадимий бинолар, тарихий ибодатхоналар, тиним билмай меҳнат қилаётган оддий одамлар – буларнинг бари Ханойда ҳар бир қадамингизда дуч келишингиз мумкин манзарадир.
Бироқ Ханойда кўркам шаҳар қиёфаси, замонавий мегаполис андозаси ҳам йўқ эмас. Пойтахтнинг ҳар бир бурчагида кичик бўлса ҳам дўконларни топасиз. Одамлар кун-у тун тиним билмай сайёҳларга қандайдир хизматни таклиф қилиш билан овора: кимдир ўз ошхонасини очган, яна кимдир қўлда ясалган бош кийимларини сотади ёки йўловчиларни аравада манзилига етказади, баъзилар янги узилган мевалардан муздеккина шарбат тайёрлайди... Хуллас, бу ерда тадбиркорлик яхшигина ривожланган.
Вьетнам ҳақида аввалроқ алоҳида мақола тайёрланган эди. Бугун эса унинг дунёга машҳур, сайёҳлар билан доимо гавжум пойтахти Ханой ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Ханойга борсангиз, зерикмаслигингиз аниқ, лекин ташрифдан аввал қаерга бориш мумкинлиги ҳақида режа қилиб олиш мақсадга мувофиқ. Биз Ханойда бориш қатъий тавсия этиладиган 5та энг асосий масканлар рўйхатини тузиб чиқдик.
1. Old Quarter – Эски мавзе

Old Quarter – Ханойнинг энг асосий ташриф қоғози, десак ҳам бўлади. Ўз номи билан эски шаҳар руҳини ўзида мужассам этган бу ҳудудда кўплаб ресторан, меҳмонхоналар, савдо нуқталари мавжуд. Кўп сонли кўчалар бўйлаб пиёда юриб, маҳаллий аҳолининг одатий ҳаётини кузатиш мумкин.
Old Quarter сувенир ва эсдалик совғалар харид қилиш учун ҳам яхши жой. Фақатгина бир муаммо: кўчада мотоцикл ва скутерлар кўплигидан оёқ босишга жой топа олмайсиз.
































