Клиник кўринишлари
Грипп кескин бошланади: бир неча соат ичида беморда иситма, йўтал (одатда қуруқ), бош оғриғи, мушаклар ва бўғимларда оғриқ, заифлик, томоқ яллиғланиши ва бурун оқиши пайдо бўлади. Ушбу аломатларнинг баъзилари мавжуд бўлмаслиги мумкин, аммо юқори иситма ва кескин бошланиш касалликнинг классик белгиларидир. Бошқача қилиб айтганда, агар сиз бир неча кун давомида бетоблик ҳис қилиб юриб, кейин «йиқилиб» қолсангиз, унда бу грипп эмас, балки ўткир респиратор вирусли инфекция яъни томоқ оғриғидир.
Аксарият одамлар бир ҳафта ичида даволанмасдан тузалиб кетишади. Аммо хавф гуруҳи остидаги грипп жиддий оқибатларга ва ўлимга олиб келиши мумкин.
Хавф гуруҳлари:
- икки ёшгача бўлган болалар;
- 65 ёшдан катта қариялар;
- ҳомиладор аёллар;
- ҳар қандай ёшдаги сурункали юрак, ўпка, буйрак, жигар, қон касалликлари, шунингдек қандли диабетдан азият чекувчилар;
- иммунитети пасайган беморлар (масалан, ОИВ билан касалланганлар).

Вирус юқтириш йўллари
Вирус ҳаво томчилари орқали қийинчиликсиз юқади ва айнан шу сабабли мактаб, болалар боғчаси, офис ва бошқа одам гавжум жойларга тез фурсатларда тарқалади. Кўпинча бу касаллик бемор йўталиши ёки аксириши орқали юқади, аммо қўл билан саломлашишда ҳам вирус ўтиши мумкин (масалан, агар бемор йўталаётганда оғзини қўли билан ёпса, сўнг айнан шу қўлида соғлом киши билан саломлашса ва у бу қўл билан бурнини ушласа). Шунинг учун вирус тарқалиши олдини олишнинг асосий чоралари — ниқоб кийиш (соғлом одам эмас, бетоблар) ва қўлни совун билан мунтазам ювиб туриш.
Юқумли касалликнинг яширин даври (бетоб билан алоқа қилишдан касаллик белгилари пайдо бўлишигача бўлган вақт) — 2 кун.
Мавсумий грипп эпидемиялари
Мавсумий грипп эпидемиялари кўпинча декабрдан мартгача кузатилади (бир йил кўтарилиш декабрда кузатилса, бошқасида — февралда). Ҳар йили катталарнинг 5-10 фоизи ва болаларнинг 20-30 фоизи гриппга чалинади. Аксарият инсонлар касалликка дош беришга қодир, аммо йилига 3-5 миллион одам гриппнинг оғир турини бошдан кечиради, бу эса 250-500 минг, баъзида эса 1 миллионгача кишининг ўлимига олиб келади.




















