Президентнинг муҳокама учун эълон қилинган қарори лойиҳасига кўра, Бадиий академия, Маданият вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:
Буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини 2020 йил октябрь ойида кенг нишонлаш;
Камолиддин Беҳзод хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг кўчаларидан бирига унинг номини бериш;
“Камолиддин Беҳзод номидаги Давлат стипендияси”ни таъсис этиш;
ёш истеъдодли ижодкорларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танловини ташкил этиш ва уни анъанавий тарзда ўтказиб бориш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Бадиий академия ва Фанлар академияси билан биргаликда чет элларда сақланаётган Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодига мансуб асарларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини юртимизга қайтариш бўйича 2020–2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Ташқи ишлар вазирлиги Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодини ўрганиш, меросларига оид ашёларни тўплаш мақсадида чет элларга борувчи илмий экспедицияларни ташкил этишга амалий ёрдам кўрсатади.
Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистоннинг республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тенг улушларда, шунингдек, ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.
Бадиий академия ҳузурида:
тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик ҳамда музейшунослик йўналишларидаги педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази;
Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган рассомлар тажриба устахонаси (олий рассомлик курслари) ташкил этилади.
Қуйидагилар белгиланади:
а) Марказнинг асосий вазифалари этиб:
тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик ҳамда музейшунослик соҳалари бўйича юқори малакали педагог ва мутахассислар тайёрлаш;
















