Ухан шаҳри ўраб олинган. Кириш ва чиқиш тақиқланган / GETTY IMAGES

У ва унинг қариндошлари 23 январдан буён шаҳарни тарк этолмайди, Уханга кириш ва у ердан чиқиш қатъиян тақиқланган.

Ўтган вақт ичида коронавирусдан зарарланганлар сони 25 мингга яқинлашган, камида 490 киши вафот этган.

Шаҳардан маълумот деярли чиқмаяпти. Би-би-си Вэньцзюнь Ван билан боғланишга муваффақ бўлди, у оиласи эпидемия шароитидаги бу шаҳарда яшаб қолиш учун қандай мураккабликлар билан тўқнашгани ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Японияда ҳам круиз лайнер карантинга олинди. Ундаги 10 кишида коронавирус аниқланган

Коронавирус эпидемияси бошланган вақтда амаким вафот этди, отам оғир аҳволда қолмоқда, онам ва холамда ҳам бу касаллик симптомлари аниқланган.

Томографиядан кейин уларнинг зарарланиши енгил экани аниқланди. Укам ҳам йўтала бошлади, у нафас олишга қийналарди.

Отамнинг ҳарорати кўтарилди, иситмаси чиқди. Кеча тана ҳарорати 39,3 даражагача чиқди. У ҳамиша йўталади, нафас олишга қийналади. Биз унга кислород аппарати олдик, у кун давомида ушбу аппаратдан фойдаланади.

Отам Ғарбдан келган дори воситаларини ҳам, маҳаллий препаратларни ҳам қабул қилмоқда. Уни шифохонага олишмади, чунки тестлар учун зарур ускуналар етишмовчилиги туфайли расман ташхис қўйилмаган.

Онам ва холам ўзлари ҳам бетоб бўлишсада ҳар куни умид билан отамга жой топилиши учун шифохонага боришади. Барча шифохоналарда рад жавоби беришмоқда.

«Бизга ҳеч ким ёрдам бермайди»

Уханда кўп жойларда енгил зарарланган ёки касаллик инкубация босқичида бўлганлар карантинга жойлаштирилмоқда.

Карантин пунктлари фақат асосий шароитларни қилиб беради, бундай жойларга отам каби оғир касалларни қабул қилишмайди, ундайлар учун шунчаки жой йўқ.

Амаким шундай карантин пунктларидан бирида вафот этди, у ерда оғир касалларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш имкони йўқ эди. Мен жуда умид қиламанки, отамни шифохонага олишади, аммо ҳозир бизга ҳеч ким ёрдам кўрсатмаяпти, ҳеч ким биз билан боғланмаяпти.