Жейн (исм ўзгартирилган) - Хитой фуқароси, лекин Буюк Британияда яшайди ва ишлайди. У Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти халқаро фавқулодда ҳолатни эълон қилишидан олдинроқ Хитой янги йили муносабати билан уйига борганди. 

Бу вазиятда у оғир руҳий зиддият қаршисида қолди: кекса ота-онасини шундай дақиқаларда ташлаб кета оладими ва умуман олганда кўпгина парвозлар бекор қилинган бу вақтда Хитойдан чиқишнинг иложиси борми ўзи?

Қуйида унинг ўзи вазият ҳақида ҳикоя қилади ва ҳис-туйғуларини тасвирлайди. 

Вирус ёйилмоқда

Аввалига Хитойдаги уйимда бўлиш жуда ёқимли эди. Ҳамма нарса одатий кўринарди, супермаркетлар ой тақвими бўйича Янги йилни нишонлаш учун харидлар қилишга шошилаётган одамлар билан гавжум эди. Ҳеч ким ниқоб киймасди. 

Ота-онам билан тухумли чучвара, нилуфар илдизидан котлет, зираворли гўшт ва одатда Янги йил арафасида истеъмол қилинадиган бошқа мазали таомларимизни тайёрлардик. 

Аммо вирус тарқала бошлайди, одамлар хавотирга тушади. 

Коронавирус симптомлари - юқори ҳарорат, кейин қуруқ йўтал бошланади

Мен ўтган йили Пекинда фарзандли бўлган дўстимнинг аҳволини билиш учун унга қўнғироқ қилдим.

«Ҳароратим бор, — деб жавоб берди у.  - Мен жуда хавотирдаман. Касалхона ҳозирча таҳлиллар ўтказа олмаяпти, шунинг учун уйда карантинда ўтирибман. Эрим овқатни ётоқхонанинг эшиги олдида қолдиряпти ва мен ўзимни ёмон ҳис қиляпман». 

Мен уни тинчлантиришга ҳаракат қилдим, лекин, эҳтимол, бу сохта ва ишонарсиз чиқди. 

Иложи борича кўпроқ ниқоб

Бизнинг шаҳарда коронавирус юқтириш ҳолати тасдиқлангандан сўнг жуда муҳим эҳтиёж туғилмаганда уйдан чиқмасликка қарор қилдик. Тонгдан кечгача телевизор ёниқ туради — биз янгиликларни тинглаймиз. 

Ижтимоий тармоқ коронавирусдан ҳимояланиш чоралари ҳақидаги постлар билан тўлган

Ота-онамга кўнгилларини кўтариш учун Weibo ижтимоий тармоғидаги кўплаб мемларни кўрсатаман. У ерда одамлар қўлга тушган нарсадан ҳимоя ниқобларини тайёрлашгани акс этарди: мевалар, сабзавотлар, ички кийимлар, ҳатто санитария тагликлари.