Гўшт қимматлашмоқда!
Чорвачиликни ривожлантириш керак!
Сут маҳсулотлари истеъмоли кам!
Чорвачиликни ривожлантириш керак!

Тўғрисини айтганда, Вазирлар маҳкамасининг соҳани ривожлантиришга оид қарорларини сонини айтмай қўяқолайлик, давлат раҳбарининг ўзи ҳам бу борада кўплаб фармон-у қарорларни имзолаган, аммо жойларда чорвачилик билан боғлиқ ҳақиқий аҳвол қанақа? Даврий нашрларда, турли ОАВларда чорвачилик ривожланаётгани ҳақида кўп мақола, хабарларга кўзимиз тушади. Лекин, айнан бу соҳада ишларимиз қониқарли эмаслиги боис, Қозоғистон Ўзбекистонга тирик қорамол сотишни тақиқлади.

Kun.uz таҳририяти нафақат мева-сабзавотчиликка ихтисослашган, балки чорвачилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликларининг ерлари ноқонуний олиб қўйилгани ҳақида кўплаб танқидий мақолалар эълон қилган. Яқинда, шундай муаммога дуч келган яна бир чорвадор фермер хўжалигининг ери ноқонуний олиб қўйилиши билан боғлиқ суд жараёнлари поёнига етди. Kun.uz мухбири ҳам кузатувчи сифатида иштирок этган суд мажлиси Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилиб, иккинчи маротаба, 350 бош қорамолни боқиб, арзон гўшт ва сут етказиб бериб турган бир тадбиркор тақдири эътиборга олинмаган ҳолда, таъбир жоиз бўлса, қуйи инстанцияга «тепиб юборилди».

Келинг, ҳолатни лўнда тилда тушунтиришга ҳаракат қилайлик. 2020 йил 21 январда Олий суд судьяси А. Муродов раислигида бўлиб ўтган судлов ҳайъати «... Milk and Meat Agro МЧЖнинг низоли ер участкаларига нисбатан бўлган ҳуқуқи қуйидаги қонун талаблари бузилган ҳолда бекор қилинган...», дея эътироф этгани ҳолда, якунда «мазкур иш юзасидан қабул қилинган Қибрай туман маъмурий судининг 2018 йил 14 декабрдаги ҳал қилув қарори ва Сирдарё вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг 2019 йил 3 июндаги қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанцияга юборилсин», дея қарор қабул қилади.  

Судлов ҳайъати ўз қарорига сабабларда таъкидлашича, «биринчи инстанция судининг ҳал-қилув қарори қабул қилинганидан сўнг, низоли ер участкалари Зангиота туман ҳокимининг 2019 йил 11 февралдаги 48/897, 48/898, 48/911, 48/916-сонли қарорлари билан 4та фермер хўжалигига ва 15 нафар субъектларга берилган бўлиб, аризачининг талаби бўйича қабул қилинадиган суд қарори ушбу шахсларнинг ҳуқуқларига дахл қилиши сабабли улар ишга учинчи шахс сифатида жалб қилиниши лозим бўлади».