Рауф Инилеев қўл остида ажойиб сейвлари билан танила бошлаган Нестеров, ўнг қанотдаги Иномов-Магдиев тезкорлиги, чап қанотдаги Суюнов-Денисов рейдлари, 21 ёшли Азиз Ҳайдаровнинг танилиши, 22 ёшли Гейнрихнинг порлаши...

Доҳа-2006да вакилларимиз тарихий натижа қайд эта олмаган бўлишса-да, бу жамоани барчамиз яхши хотиралар билан эслаймиз. Улар ҳозир қаерда?

Игнатий Нестеров

Доҳа-2006 турнири 23 ёшли Игнатий Нестеров учун фаолиятидаги илк энг муҳим турнир бўлган. Тўғри, Нестеров 21 ёшида Хитойдаги Осиё Кубоги-2004да йўл олган, аммо асосий дарвозабон сифатида юртимиз шарафини айнан Қатардаги турнирдан бошлаб ҳимоя қилган. 4 ўйинда ўз дарвозасидан 4та гол ўтказиб юборган Нестеров, айнан ушбу турнирдан сўнг миллий жамоанинг асосий посбони сифатида чақирила бошлаганди.

36 ёшли посбон ҳозирда Тошкентнинг «Локомотив» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. У Осиё Кубоги-2019дан кейин Ўзбекистон миллий жамоаси сафидаги фаолиятига якун ясамоқчи эканлигини айтган бўлса-да, ҳозирча расман эълон қилганича йўқ.

Ислом Иномов

Қатардаги турнирда ўнг қанот ҳимояда ёрқин ўйин намойиш этган футболчи Ислом Иномов бўлганди. 22 ёшидаёқ «Пахтакор» жамоаси сафида ўнг қанотни эгаллаб олган футболчи Доҳадаги турнирда олимпия жамоамиз шарафини муносиб ҳимоя қилган. Ислом турнир давомида ўнг қанот чизиғида Элдор Магдиев билан ўзига хос тандемга айлана олганди. Ҳимоя билан бирга ҳужумда ҳам фаол қатнашарди.

35 ёшли Ислом Иномов бугунга келиб фаолиятини якунлаган. Собиқ футболчи Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида ўз бизнесини йўлга қўйган. Шу билан бирга Ислом мураббийлар курсларида қатнашиб, «B» лицензиясига ўқимоқда.

 Алексанр Клецков

«Пахтакор» клуби 2006 йилда Ўзбекистон олимпия жамоасининг базасига айланиб улгурган эди. Шу боис, мамлакат жамоасининг жуда кўп футболчилари айнан ушбу клуб аъзолари саналарди. 21 ёшли Клецков ҳам клуби сафида захирада қолса-да, Ўзбекистон олимпия жамоасига асосий таркибдан жой олганди. Ҳимоя марказида Асрор Алиқулов билан жуфтлик ҳосил қилган Сашанинг айниқса, иккинчи қаватдаги курашларда бўйдор эканлиги асқотарди.

Ҳозирда 35 ёшни қарши олган Клецков бундан уч йил аввал фаолиятини якунлади. «Пахтакор» собиқ футболчиси бугунги кунда «Пахтакор-жуниор» хусусий футбол мактабда болалар мураббийи сифатида фаолият олиб бормоқда.