Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев парламентнинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид масалаларни ҳал қилишдаги ваколатларини кенгайтириш мавзусида журналистларга интервью берди.
– Бундан 15 йил олдин, яъни 2005 йилда чоп этилган «Марказий Осиёдаги геосиёсат» китобингизда Марказий Осиёдаги сиёсий жараёнлар, иқтисодий муносабатлар, чел эл инвестицияларини жалб этиш, мамлакатда хорижий бизнес учун қулай шароитларни яратиш борасида фикр юритгансиз ва Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон олдида ана шу мушкул муаммони ҳал этиш вазифаси турганини таъкидлагансиз.
Орадан 15 йил ўтди. Бугун Ўзбекистонда бу борада яратилган имкониятларни ўша давр билан таққослаб, неча фоизга баҳолайсиз? Янги парламент, янги Ўзбекистон бу борада яна қайси соҳаларда иш олиб бориши керак, деб ҳисоблайсиз?
– Авваламбор, бу китобни эслаганингиз мен учун катта шараф. Саволингизда бир неча савол мужассам. Мен уларга бирма-бир жавоб беришга ҳаракат қиламан.
Марказий Осиёда турган фундаментал масалалар, муаммолар ўзгаргани йўқ.
Уларнинг энг асосийси шундан иборатки, Марказий Осиё тарихан ягона иқтисодий, кўп нуқтайи назардан маданий ҳудуд бўлиб келган. У тарихан бирга бўлган. Фақатгина тарих тақозоси билан ўз вақтида улар алоҳида мамлакатларга бўлиниб кетди. Лекин уларнинг бир-бири билан узвий боғлиқлигини ҳеч ким инкор қилолмайди.
Тушунамизки, бу минтақа давлатлари олдида турган мақсадларга фақат биргаликда эришиши мумкин, фақат муштарак ҳаракатлар орқали уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиши мумкин.
Масалан, экологик муаммо ёки сув танқислиги муаммоси. Ёки, бизнинг анклав эканимиз, денгизга чиқиш имкониятимиз чеклангани. Буларни ҳеч бир мамлакат алоҳида ҳал этолмайди, уларни фақат биргаликда ҳал этишимиз мумкин.
Ёки афзалликларимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, бизда энергетик захиралар кўп. Ҳеч бир давлат ўз захираларини дунё бозорига бошқа давлатнинг устидан сакраб олиб кетолмайди. Инфратузилмани биргаликда ривожлантиришимиз керак.
Сафоев сўнгги уч йилда Марказий Осиёдаги геосиёсий ва геоиқтисодий вазият батамом ўзгарганини таъкидлади.















