1-10 февраль кунлари Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, полковник Азиз Тошпўлатов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Тошкент вилояти ички ишлар органларининг тезкор хизмати фаолияти ўрганилди. Ички ишлар вазирининг тегишли фармойишига мувофиқ, ўрганишлар вилоятнинг 22та шаҳар-туман ички ишлар органлари бошқармалари, бўлим ва бўлинмаларида олиб борилди.

«Ўрганишлар давомида сайёр қабуллар ва йиғилишлар ўтказилди. Аҳоли хонадонларига кирилиб, фуқароларнинг яшаш шароитлари, уларни қийнаётган муаммолар билан яқиндан танишилди, муаммоларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди. Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди.
Яна бир эътиборли жиҳати, полковник Азиз Тошпўлатов Қибрай туманида жойлашган ИИВ 2-сонли академик лицейида ўқувчи ёшлар билан учрашув ўтказди. Учрашувда ёшларининг таклифлари, фикр-мулоҳазалари тингланди», дейилади Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати томонидан Kun.uz’га тақдим этилган хабарда.

Тадбир давомида ўқувчиларга комьпютер ва китоб жамланмалари топширилиб, замонавий типда қуриладиган лицейнинг янги биносининг рамзий тамал тоши қўйилган.

11 февраль куни вилоят ҳокимлиги мажлислар залида Азиз Тошпўлатов ҳамда Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов бошчилигида ўрганишлар якунига бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилган. Йиғилишда вилоятдаги жорий криминоген вазият, унинг барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар танқидий руҳда таҳлил қилиниб, келгусидаги вазифалар қизғин муҳокама этилган.

«Президентимиз ташаббуси билан Тошкент вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича жорий этилган янги бошқарув тизими асосида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар натижасида 2019 йили жиноятлар сони 6,8 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 9,1 фоизга камайди. Шунингдек, вилоятдаги маҳаллаларнинг 37,2 фоизида жиноятлар содир этилмади.















