Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида фуқароларни хорижга ишга жўнатиш билан боғлиқ бир нечта фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилди.

Жумладан, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ўз танишлари орқали Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи 6 нафар фуқарони Словакияга ишга жўнатишни ваъда қилган.

У бунинг эвазига жами 145 млн сўм талаб қилиб, олдиндан 85 млн сўм олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Яна бир ҳолат Тошкент шаҳрида қайд этилган. Хорижий давлатларга виза олиш бўйича консалтинг хизматлари кўрсатувчи МЧЖ раҳбари 2002 йилда туғилган пойтахтлик фуқаронинг ишончига кирган.

У виза расмийлаштириш орқали фуқарони Германияга ишга жўнатишни ваъда қилиб, эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга тушган.

Шунга ўхшаш ҳолат Тошкент вилоятида ҳам аниқланган. Зангиота туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган аёл Ангрен шаҳрида истиқомат қилувчи, 2000 йилда туғилган фуқарони Жанубий Кореяга ишлаш учун жўнатишни ваъда қилган.

У виза расмийлаштириб бериш эвазига 5900 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси — фирибгарлик билан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.