11:22 / 19.02.2020
0
6274

Абдуҳакимов: «Хорижий сайёҳлар оқимига хизмат кўрсатиш учун авиарейслар етишмаяпти» 

Туризмни ривожлантириш қўмитаси раисининг маълум қилишича, хорижий сайёҳлар оқимига хизмат кўрсатиш учун Ўзбекистонга авиарейслар сони етишмаяпти

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳрида Uzbekistan Airports, Aviation&Logistics Forum (UAALF-2020) халқаро авиация форуми иш бошлади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар қилмоқда.

Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонга хорижий сайёҳлар оқимига хизмат кўрсатиш бўйича авиарейслар етишмаётганини маълум қилди.

Азиз Абдуҳакимов

«Ҳозирда хорижий сайёҳлар оқимига хизмат кўрсатиш учун Ўзбекистонга авиарейслар сони жуда кам ва улар етишмаяпти. Агар қўшимча рейслар бўлса, сайёҳлар сони янада кўпаяди.

Шу муносабат билан президент томонидан авиациядаги барча бўшлиқларни бартараф этиш, очиқ осмон режимини жорий этиш, аэропортларни, ерусти ускуналарни ва навигация тизимини замонавий талабларга мувофиқ равишда реконструкция қилиш, бу масалада бизга ёрдам бера оладиган хорижий авиакомпаниялар ҳамда шерикларни жалб қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шуни ёдда тутиш керакки, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик давлатдир ва яқин келажакда қитъалараро авиақатновларга хизмат кўрсатиш бўйича муҳим хавфсиз транзит маркази сифатида «Авиация ҳаби»га айланиши мумкин.

Ўзбекистон қонунчилик даражасида ерусти хизматлари, авиация хизматларига имтиёзлар, субсидиялар ва чегирмалар тақдим этмоқда.

Ўзбекистон дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан нарх рақобатбардошлигини сезиларли даражада яхшилади. Ҳозирги вақтда мамлакатда авиация бизнесига инвестициялар жалб этишга қаратилган бир қатор янги имтиёзлар ишлаб чиқилмоқда.

Ушбу форум ўтказилишининг сабабларидан бири - сизнинг ёрдамингизга эҳтиёж, яъни, бизнинг мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, авиация транспорти, мультимодал ташувларни ривожлантириш, турли транспорт турларини ягона занжирга бирлаштириш билан боғлиқ вазиятни ўз кўзингиз билан кўришингиздир», - деди А.Абдуҳакимов.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top