11:33 / 19.02.2020
0
9421

Бухородаги фожиали йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарияти қайси йўлда содир бўлаётгани айтилди

Фожиали ЙТҲнинг аксарияти А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг 300 километрдан ортиқ бўлган чўл ҳудудидан ўтувчи қисмида кузатиляпти

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

Бухоро вилоятида қайд этилган ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарияти вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга бўлган А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг 300 километрдан ортиқ бўлган чўл ҳудудидан ўтувчи қисмида содир бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур йўл-транспорт ҳодисалари асосан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан Тошкент шаҳрига ҳамда республиканинг бошқа вилоятларига қатновчи ҳайдовчиларнинг чарчоқлик натижасида чўл ҳудудида ухлаб қолиб, йўлдан чиқиб кетиб ағдарилиши, ўзидан олдинда ҳаракатланиб бораётган автотранспорт воситаларининг орқа томонига бориб урилиши ёки қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган автотранспорт воситалари билан тўқнашуви оқибатида келиб чиқмоқда.

Шуларни инобатга олган ҳолда ҳайдовчилардан:

ўзларида чарчоқ аломатлари сезилганда йўл ёқасида жойлашган дам олиш жойлари (кемпинг) ҳамда овқатланиш шохобчаларида тўхтаб дам олишларини (кофе ичиш, ҳушёрликни оширувчи бошқа маҳсулотларни истеъмол қилиш);

йўлга отланаётганда об-ҳаво шароитини инобатга олишни (об-ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши, қор ёғиши ва автомобил йўлларида музламалар ҳосил бўлиши ва ҳоказо);

имкон қадар темир йўл транспортидан фойдаланишни;

техник носоз транспорт воситаларидан фойдаланмасликни;

зарурат бўлмаганда тунги вақтларда ҳаракатланмасликни;

пиёдалардан йўлни кесиб ўтишда ўта ҳушёр бўлиш сўралган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top