2019 йили Ўзбекистоннинг 3 вилоятидаги истироҳат боғларида аттракционлар қулаши билан боғлиқ ҳодисалар рўй берган ва уларда инсон ўлими билан боғлиқ ҳолатлар ҳам қайд этилган эди. Ўзбекистон Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раҳбари ушбу ҳодисаларга олиб келган асосий омилни билдирди.
«Бу йилги давлат дастурида янги-янги маданият ва истироҳат боғлари қурилиши белгиланган. Яъни, ишдан келган фуқаролар муносиб дам олишларига шароитлар барпо қилинади.
Мана, Жиззах, Фарғона ва Наманганда бўлган воқеалар. Асосий сабаби, яна ўша билимсизлик. Аттракционни ўрнатганлар махсус билимга эга бўлмаган.
Мисол учун, Жиззахда бўлган воқеанинг асосий сабаби – тайёрлаш жараёнидаги ҳисоб-китоб йўқлиги. Чизмалар бўлмаган. Қандай металл йўллаш зарурлигига доир талаблари йўқ. Икки тадбиркор келишган. Бири эҳтиёт қисмни ишлатилган металлдан тайёрлаб берган, ишлатишга рухсати бўлмаса, пул топаман, деб ишлатган ва оқибатда бир аёлнинг ҳаётига зомин бўлди.
Мавзуга доир:
- Жиззахда бир кишининг ўлимига сабаб бўлган аттракцион тўлиқ битмаган ҳолда олиб келиб ўрнатилган - Давлат қўмитаси
- Фарғонада носоз аттракцион бир аёл ўлимига сабаб бўлди
- Наманганда 18 ёшли қиз аттракционда вафот этди, вилоят ҳокимлиги вилоятдаги барча аттракционлар техник кўрикдан ўтказилишини маълум қилди
Худди шундай воқеа Наманганда ҳам рўй берди. Унда 18 яшар қиз вафот этди. Бунда ёш йигитлар ёшлигига бориб, аттракцион синови даврида, ўша қизга рухсат бериб, учиришади. Қиз ўтириб училадиган қурилмада тик турган ҳолатда бўлади, ўтирган ҳолатда бошга тегмайдиган темир детал тик турганда қизнинг бошига катта тезликда урилади ва фожиа рўй беради», - дейди қўмита раиси.
Унинг сўзларига кўра, бош вазир топшириғига биноан, барча вилоятлардаги аттракционлар хавфсизлик нуқтаи назаридан текширилмоқда. Вилоятлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда талабга жавоб бермайдиган аттракционларни олдириб ташлаш, бу соҳадаги ходимларни ўқитиш, тайёрлаш, металга бўлган талаблар, техник қоидаларни ишлаб чиқиш устида иш олиб бориляпти.















