ЧЕЛСИ – ТОТТЕНҲЭМ (22 февраль, 17:30)

Англияда Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун кураш охирги турларгача давом этса керак. Айниқса, «Манчестер Сити»нинг келаси мавсум учун ЕЧЛдан четлаштирилиши мумкинлиги 5-ўринга ҳам имконият яратди ва табиийки, даъвогарлар сонини оширди. Кучли тўртлик учун асосий икки фаворит бўлмиш Лондон жамоалари, негадир, сўнгги ўйинларда муаммоларга ўралашиб қолишди.

Мавсумни ажойиб бошлаган «Челси» ҳатто учинчи ўринга ҳам яқин келганди, лекин сўнгги икки ой Лэмпард учун омадсиз паллага айланди, ҳатто у ёзда истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақида ҳам маълумотлар пайдо бўла бошлади. «Челси» АПЛдаги сўнгги 14 ўйиндан атиги 4тасида ғалаба қозонди, холос. Клуб ундан олдинги 12 ўйиндан 8тасини ўз фойдасига ҳал қилганди. Жамоа учун ўз майдонида «Манчестер Юнайтед»дан қабул қилинган мағлубият оғриқли бўлди – шу тариқа 5-8 ўриндаги жамоалар «Челси»га максимал даражада яқинлашиб олишди. Навбатдаги мағлубият жамоани ҳатто олтинчи ўринга ҳам тушириб юбориши ҳам мумкин.

Фото: Twitter / @premierleague

«Тоттенҳэм»нинг ҳам ўз муаммолари бор. Моуриньо келгач жамоа натижалари барқарорлашди, португалиялик мутахассис келганидан буёғига ҳисобласак, «Тоттенҳэм» фақат «Ливерпуль»дан кам очко жамғарган. Лекин эътиборли жиҳат, «тақачилар» фақат кучсизроқ клубларга қарши ишончли ўйнай олишяпти, топ-ўйинларни Жозе Моуриньо мағлуб бўлиб якунлаяпти. Клуб «Манчестер Сити»га қарши ўйиндаги ғалабагача «Ливерпуль», «Челси», «Юнайтед», «Бавария» каби жамоаларга ютқазди, куни-кеча эса, Чемпионлар Лигасида «Лейпциг» Лондондан ғолиб бўлиб кетди.

«Биз ўқсиз урушга чиқдик», – деб изоҳлади ЕЧЛдаги мағлубиятни Жозе Моуриньо. Ростан ҳам, Ҳарри Кейннинг йўқлигини билинтирмай, сермаҳсул ўйин кўрсатиб келаётган Сон Хон Мин ҳам жароҳат олди ва узоқ муддатга сафдан чиқди. Январда мос ҳужумчи топа олмаган «Тоттенҳэм» энди олдинги чизиқда Лукас Моурага таянишга мажбур.

«Челси» ниҳоят ўз «ўқи» билан майдонга туша олса керак, катта эҳтимол билан Абраҳам бу учрашувга тайёр бўлади. Шунингдек, Пулишич ва Рубен Лофтус-Чик ҳам машғулотларда қатнашмоқда. Фақат майдон марказида Кантенинг йўқлиги билиниши мумкин. У «МЮ»га қарши ўйинда жароҳат олиб, сафдан чиққанди.

«Тоттенҳэм» чоршанба оқшомида ЕЧЛ ўйинида майдонга тушди, демак рақибига нисбатан жисмоний томондан имконияти пастроқ баҳоланади. Лекин танганинг бошқа томони, «Челси»ни келаси ҳафта «Бавария»га қарши муҳим ўйин кутиб турибди. Бу ҳам балки дербига тайёрланишда ўзига хос салбий таъсирини ўтказар.