Унда Янгийўл туманидаги санаторияда ўрнатилган қуёш сув иситгичлари ҳамда Нурафшон туманидаги хонадонларда синов тариқасида ўрнатилган қуёш электр панеллари мисолида энерготежамкор ускуналарнинг қатор имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, улардан фойдаланувчилар ўз фикрларини билдиришди.

«Қуёш иссиқлик энергияси» МЧЖ тижорий директори Фахат Тожибоев пресс тур давомида қуёш сув иситгичлари ва қуёш электр панелларининг бошқа турдаги электр манбаларидан фарқ ва баъзи афзалликларини мисоллар билан кўрсатиб берди. 

Фахат Тожибоев

«Корхонамиз ҳисоб-китоби бўйича 2016 йилда санаторияда иссиқ сув учун сарф-харажатлар ўртача 8 миллион сўм бўлган. Корхона томонидан қўйилган қуёш сув иситгичлари барча хизматлари билан 89-90 млн. сўмга баҳоланди, шундан ҳисоб қилиш мумкинки, 14-15 ойда қилинган сарфни бутунлай қоплаган. Ҳозирги кунда бу ерда иссиқ сув таъминоти мутлақо бепул.

 

Бизга бериладиган асосий саволлардан бири шуки, қиш кунларида булар қандай ишлайди? Бунда вакуумли колбалар мавжуд ва унга ҳаво ҳарорати таъсир қилмайди. Бу дегани коллектор сувни ёз кунларида қандай иситса, қишда ҳам шундай иситади. Улар шунингдек, термос хусусиятига ҳам эга. Яъни кундузи иситилган сув кечқурун ҳарорат -10 бўлганда ҳам термосдаги сув ҳарорати 6-9 даража пасайиши мумкин.

Корхонамизда турли сиғимдаги қуёш сув иситгичлари мавжуд. Оилавий шароитда ҳам фойдаланиш мумкин бўлган сув иситгичлари ўрнатиб берамиз. Мисол учун, бир оилага ўртача 100 литр сиғимдаги сув идиши етади ва бу қуёш сув иситгичи 3 млн. сўм атрофида бўлади», деди Фахат Тожибоев. 

 

Нурафшон туманидаги хонадонларда синов учун ўрнатилган қуёш электр панеллари аҳолининг оғирини қанчалик енгил қилаётганини сўраганимизда, электр учун илгари 80 минг сўм тўлаган бўлса, эндиликда 60 минг сўм атрофида тўлов қилаётганини айтишди. Яъни ушбу кам қувватли панел оила учун 20 минг сўм миқдорида фойда олиб келган.