New York Times газетаси, унинг ортидан CCN телеканали, Washington Post ва Reuters агентлиги «ўз манбаларига таяниб» хабар беришича, 13 февралда АҚШ миллий разведка бошқармаси ходимлари Вакиллар палатасининг разведка масалалари бўйича қўмита аъзолари билан бирга Россиянинг АҚШда ноябрь ойида ўтказиладиган президентлик сайловларига эҳтимолий аралашишини муҳокама қилган. Брифингда қатнашган АҚШ миллий разведка бошқармаси ходимлари Вакиллар палатасининг хавфсизлик қўмитаси аъзоларига Россия томони Трампни ўз ўрнида қолдириш учун сайловларга аралашаётганига далиллар келтирган.

New York Times манбасига кўра, Трамп бу брифинг ҳақида унда қатнашган республикачилардан хабар топиб норози бўлган ва АҚШ миллий разведка бошқармаси директори вазифасини вақтинча бажарувчи Жозеф Магуайрни лавозимга тасдиқламаган.

20 февраль куни эса Трамп Магуайрни бошқарма директорлигидан бўшатиб, унинг ўрнига Ричард Гренеллни АҚШ миллий разведка бошқармасига вақтинчалик директор этиб тайинлади (Гренелл 2018 йилдан буён АҚШнинг Германиядаги элчиси бўлиб ишлаётганди). Маълумот ўрнида: АҚШ миллий разведка бошқармаси жами 17та турли разведка бошқармаларини ўзида жамлаган.

АҚШ миллий разведка бошқармасининг янги раҳбари разведка соҳасида мутлақо тажрибаси йўқлиги ва у ҳозирги вазифасида вақтинчалик ишлаётганини айтиб ўтди. Сенат тасдиқлаши учун Трамп бу вазифага бошқа одамни тайинлайди. Ўз навбатида Гренелл Трампнинг ашаддий тарафдори эканини яширмайди.

Ричард Гренелл
Фото: REUTERS

2016 йилда ўтказилган сайловда русларнинг қўли бормиди?

2017 йил бошида, Обама администрацияси Оқ уйда сўнгги кунларини ўтказаётган пайтда, АҚШ разведкаси 2016 йилги сайловларда Россия аралашуви ҳақидаги ҳисоботни тақдим этганди. Унга кўра, Россия томони турли йўллар билан сайловга таъсир этишга уринган. Жумладан, демократлар партияси вакилларининг саҳифаларини бузиб кириб, ёзишмаларни кузатиш, овозларни санаш жараёнига таъсир кўрсатиш, сайловчиларга ёлғон маълумотлар тарқатиб уларни чалғитиш, ижтимоий тармоқларда республикачилар партияси ва Трамп фойдасига тарғиботлар уюштириш каби ишларни амалга оширишган. Ҳисоботда ёзилишича, юқоридаги ишларни амалга ошириш учун шахсан Путиннинг ўзи буйруқ берган.