Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Cенатор ва ҳокимлар нелобаликлар билан учрашди: Уларнинг муаммолари эшитилди ва ҳал қилинадиган бўлди
Kun.uz сайтида «Оддий шароитлардан мосуво нилобаликлар: Сариосиёда уларга жавоб ёзадиган эмас, эшитадиган мутасаддилар керак» сарлавҳаси остида аҳоли мурожаати ёритилган эди. Унда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги «Нилоба» маҳалласида истиқомат қилувчи гуруҳ ерли аҳоли электр энергияси ва табиий газ етишмаётганини билдириб ўтишган эди.
Мазкур мурожаатдан сўнг сенатор Абдуғани Сангинов Нилоба қишлоғидаги муаммоларни ўрганиш учун Сариосиё тиббиёт коллежида маҳаллий аҳоли билан учрашув ўтказган. Учрашувда вилоят ҳокими Тўра Боболов ва туман ҳокими Ўктам Тўраев ҳам иштирок этган.

Сариосиё тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, нилобаликлар томонидан кўтарилган муаммолар ҳудудга бориб, изчил ўрганилган.
Маълумот учун: «Нилоба» маҳалласида 740 оилада 3200дан ортиқ одам истиқомат қилади. Ўрганишларга кўра, айрим мурожаатчилар томонидан дарёнинг муҳофаза зонасида турар жойлар қурилган. Ушбу ҳудудда турар жой қурган айрим мурожаатчиларнинг кадастр ҳужжатлари ҳам йўқ.

Шунингдек, кейинги йилларда янги уй-жойлар қурилиши билан ҳудудда электр энергияси тақчиллиги юзага келган. Кўпроқ қувватга эга трансформаторга эҳтиёж сезилган. Айрим ёғоч устунлар эскирган. Ушбу масала сенатор А.Сангинов томонидан тез кунларда ижобий ҳал этиладиган бўлди. Шу ерда бирйўла туман бўйича мазкур муаммо чуқур таҳлил қилиниб, йигирмага яқин трансформатор янгиланадиган, икки мингга яқин ёғоч устунлар янгисига алмаштириладиган бўлди.

Сенатор Абдуғани Сангинов мурожаатчилар Музроб Муҳайёров ва Соҳиба Эшмирзаева томонидан «Нилоба» маҳалласида электр энергияси билан боғлиқ муаммони ижтимоий тармоққа қилган мурожаатларини ўрганиб, мазкур масалани ижобий ҳал этиш борасида халқ билан учрашишга келганини айтиб, бу каби учрашувларни мунтазам ўтказиш ҳамда халқ билан доимий мулоқотда бўлишини таъкидлаб ўтди.
