Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Нелоба қишлоғи Санглоқ гузарида жойлашган 12та хўжаликда истиқомат қилувчи аҳоли вакилларидан таҳририятга мурожаат келиб тушди.

Kun.uz ижодий гуруҳи Нилобада бўлди ва мурожаатчиларга микрофон тутди.

Масалан, Музроб Муҳайёров бу ерда 2012 йилда кўчиб ўтган. Унинг айтишича, шундан бери бу ерда яшаш учун энг бирламчи шароитлар йўқ.

Соҳиба Эшмирзаева ҳам яхши ниятлар билан шу гузарда иморат кўтарганига уч йил бўлмоқда. Уйга эгалик қилиш учун барча ҳужжатларни расмийлаштирган. Аммо электр энергияси, табиий газ ва сув муаммоси сақланиб қолмоқда.

Гузар аҳолиси президент порталига ва бошқа идораларга кетма-кет мурожаат қилиб келишган. Бу ишда бош-қош бўлган инсонлардан бири Холбобо (Холмурод) ака Холматов оламдан ҳам ўтибди...

Одамлар масъул идоралар «барча муаммолар ҳал қилинди», деб йўлланаётган мурожаатларни ёпиб, ҳисобот топшириб юборишганини ҳам куюниб гапиришди.

Айни пайтда гузарга табиий газ ўтмаган. Ҳолбуки, бир кўча нарида қувурларда газ оқиб ётибди. Улар ичимлик сувини сотиб олиб, ертости ҳовузларида сақлаб, уни яна насос ёрдамида тортиб олиб фойдаланмоқда.

Электр энергияси эса симёғочларга паст кучланишли оддий монтаж симлари билан тортилган.

Гузарга электр энергияси ўтказиш учун симёғочлар ўрнатилиши керак, бир кўча наридаги табиий газ тармоғига уланиш учун қўшимча Газ тақсимлаш пунктига рухсат берилса бас. Буёғини аҳолининг ўзи қувур улаб эплаб олади.