Наманган шаҳридаги 2-кичик даҳада фаолият юритаётган Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали Тез тиббий ёрдам кичик туман шохобчасидан такрорий мурожаат келди.

Сайтда 2019 йилнинг 27 ноябрь куни берилган танқидий материалда 150 минг аҳолига хизмат кўрсатувчи, 120 нафар тиббиёт ходими ҳамда 32 нафар ҳайдовчи иш олиб борётган мазкур муассаса биноси ўта таъмирталаб, автодаҳол ҳолатга келгани ҳақида материал ва видеолавҳа эълон қилинган эди.

Уч ой ўтиб яна арз қилган тиббиётчилар ва ҳайдовчилар ўша мақола чиққанидан кейин Тез тиббий ёрдам бўлими турли муассасаларга бўлиб юборилгани, янги жойларда шарт-шароит йўқлигидан қийналиб фаолият юритишаётганини айтишган.

Наманган шаҳрида бўлиб, қайта мурожаат қилган ходимлар билан учрашдик. 5-сонли оилавий поликлиникада Тез тиббий ёрдам бўлимининг 4та бригадаси иш олиб бормоқда. Поликлиниканинг биринчи қаватида бўлим ходимлари учун 5та хона ажратилган. Шифокорлар, фельдшерлар, дорихона ва ҳайдовчилар дам олиш учун жойлар – ҳаммаси учун мана шу бешта хона.

«Ўша танқидий мақоладан сўнг шохобчамизни поликлиникаларга тарқатиб юборишди. Кўриб турганингиздек, санитария ҳолатларига мос келмайдиган шароитда фаолият юритиб келяпмиз. Чақирувга бориб келганимиздан сўнг ҳатто қўл ювгани ҳам шароит йўқ. Койкалар оз. Эркак ва аёл ходимларимизга иккита алоҳида хона ажратилган. Ҳайдовчиларга эса йўқ. Улар учун чақирувдан-чақирувгача ўтириб дам олишга ҳам хона ажратилмаган. Йўлакда кушеткаларда ётиб ҳордиқ чиқаришади.

Баъзида битта каравотда икки кишидан бўлиб ҳам ётяпмиз. 8та бригадамиз бор. Улар орасида эркак ва аёлларнинг сони ҳар-хил. Мана бугун ҳам 6 нафар фельдшер навбатчиликда. Шундан иккиси аёл киши. Ҳозир уч кишига жой бор. Бошқа поликлинкаларга бориб туринглар, дейишади. Масалан 8-оилавий поликлиникага. Лекин, у ерга биров боргиси келмайди. Чунки у жойнинг деворлари бетон ва хоналари жуда совуқ», дейди олий тоифали фельдшер Муҳаммадхон Азизов.