Ҳукумат тартибсизликлар қамраб олган ҳудудларга полициячиларни ва ҳарбийларни жўнатган. Бундай вазият мамлакат пойтахтида сўнгги ўн йилликларда кузатилмаганди.
Бош вазирнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ажит Довал шошилинч йиғилиш ўтказиш учун Нью-Деҳли шимоли-шарқидаги полиция бошлиғининг идорасига ташриф буюрган.
Тўқнашувлар 24 февраль, якшанба куни бошланган. Катта эҳтимол билан, бунга Ҳиндистонда ҳукуматдаги партия бўлмиш индуистларнинг миллий партияси - «Бхарат Жаната Парти» етакчиларидан бири Капила Мишранинг чорловлари сабаб бўлган.
Мишра ўз тарафдорлари иштирокидаги митингда уларни асосан мусулмонлар яшайдиган Нью-Деҳлидаги туманлардан бирига йиғилишга даъват этган, у бу орқали ушбу ҳудудда фуқаролик тўғрисидаги қонунга киритилган тузатишларга қарши намойишга тўсқинлик қилишни кўзлаган.

Ҳиндистон парламенти ўтган ҳафтада Покистон, Афғонистон ва Бангладешдан келган қочқинларга фуқаролик беришни соддалаштириш бўйича таклиф берди - аммо бир шарт билан, улар мусулмон бўлмасликлари керак. Шу билан бир вақтда, кўплаб штатларда маҳаллий мусулмонлар Ҳиндистон фуқароси эканини исботлаши керак бўлади. Агар улар керакли далиллар келтира олишмаса, уларни депортация кутади.
Ушбу қонун лойиҳаси ҳиндистонлик мусулмонларни ғазаблантирди. Уларнинг фикрича, сўнгги тузатишлар конституцияга зид, чунки расман дунёвий ҳисобланган мамлакатда аҳолининг бир қисми диний эътиқодидан келиб чиқиб камситилмоқда. Ҳиндистон шимоли-шарқий штатлари аҳолиси ҳам қонунга эътироз билдирган — энди улар Бангладешдан келган миллионлаб одамлар уларнинг штатларида доимий қолиб кетишидан хавотирда. Бу тузатишларни маҳаллий аҳоли манфаатларига зид деб ҳисоблаган мусулмонлар оммавий норозилик акцияларини бошлади.
Ҳиндистон ҳукумати эса янги тузатишлар мусулмонларга қарши қаратилмагани, янги тартиб озчиликни таъқиблардан ҳимоя қилиш учун тақдим этилганини айтмоқда.
Мусулмонларга ҳужумлар ҳақидаги дастлабки хабарлар Мишра полиция уч кун ичида мусулмонларнинг намойишларини тўхтатиши кераклигини, акс ҳолда одамлар кўчаларга чиқишини маълум қилганидан кўп вақт ўтмай кела бошлади.






















