Бугун, 28 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.

«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, вирус бошқа мамлакатларда Хитойнинг ўзига қараганда тезроқ тарқалмоқда. Сўнгги бир кун ичида Италияда касалланганлар сони уч баробарга кўпайди ва ҳозирги кунда 650 нафардан ошди. Саудия Aрабистони расмийлари эҳтиёт чораси сифатида зиёратчиларнинг мамлакатга киришини вақтинча тақиқлаб қўйди.

COVID-19 инфекцияси бўйича юзага келган бундай нохуш вазият мазкур касалликнинг юртимизга четдан кириб келиш хавфини оширмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистонда коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январь куни «Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг ташкил этиш тўғрисида»ги Фармойиши қабул қилиниб, тизимли чоралар амалга оширилмоқда», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Анжуманда айни пайтда мамлакатга юқумли касалликлар, жумладан, COVID-19 инфекцияси кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараларида 53та санитария-карантин пунктлари халқаро талаб ва мезонлар асосида фаолият кўрсатаётгани қайд этиб ўтилган.

Бугунги кунда ушбу пунктларда бошқа тармоқ ходимлари қаторида 250 нафардан зиёд юқори малакали санитария-эпидемиология хизмати масъуллари белгиланган стандартлар бўйича иш олиб бормоқда. Ўзбекистонга коронавирусни аниқлаш бўйича замонавий тест-системалари, шунингдек, тиббиёт ходимлари учун шахсий ҳимоя воситалари, тиббий техника ва тиббий буюмлар заҳираси яратилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги ҳузурида узлуксиз 24 соат давомида фаолият кўрсатувчи штаб ташкил қилинган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

«Лекин бу хотиржам бўлишга асос бўла олмайди. Шунинг учун ҳам кеча дастлаб Соғлиқни сақлаш вазирлигида, сўнг Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир раҳбарлигида «Эпидемияга қарши кураш фавқулодда комиссияси»нинг навбатдаги йиғилишида ҳам бу борада кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифалар белгилаб берилди.