Сиёсатшунос-иқтисодчи, PhD даражасига эга ижтимоий ва давлат секторидаги инновациялар соҳаси мутахассиси Баҳром Ражабов Uzbek Review'га берган интервьюсида Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни секинлаштираётган омиллар ва инвестицион муҳитни қандай яхшилаш мумкинлиги ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Баҳром Ражабовнинг фикрича, Ўзбекистон иқтисодиётидаги ижобий ўзгаришлар сўмнинг эркин конвертацияси жорий этилганидан кейин бошланди. Аммо конвертацияга қадар жиддий мунозаралар бошланиб кетган эди. Қарорларда ҳал қилувчи овозга эга баъзи шахслар орасида эркин конвертацияни кечиктиришни сўраганлар ҳам бўлди. Улар:

– мавжуд статус-кводан фойда олган ва арзон валютага эга бўлиш имкони бўлганлар;

– валюта курсларининг эркинлаштирилиши иқтисодиёт учун кутилмаган оқибатларга ва бунинг ортидан келиб чиқадиган ижтимоий-сиёсий силкинишларга олиб келади деб хавотирланганлар бор эди.

Иккинчи ҳолатда, хавотирлар беҳуда бўлган. Одамлар ва бизнес шундоқ ҳам анчадан буён ўрнатилган курс бўйича эмас, ҳақиқий курс бўйича яшаб келаётганди. Статус-кводан фойда кўрганлар учун бу хавотирлар қулай баҳона бўлган.

Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларга нималар тўсқинлик қиляпти?

Олдиндан нимани кутишни билмайсан

Янги ҳукумат эндигина ислоҳотларни бошлаганида, бизнес вакиллари жимлик билан кутишди. Хўш, янги ҳукумат қандай қадам қўяди, унинг «ўйин қоидалари» ўзгарадими? Тезкорлик билан ўз ечимини кутаётган муаммо, бу – яширин иқтисодиётни қисқартириш масаласи эди. Қолаверса, давлатнинг ўзи ҳам бизнеснинг катта қисми яширин иқтисодиёт измида эканлигини тан оларди.

Эълон қилинган солиқ ислоҳоти бизнесни яширин иқтисодиётдан чиқаришни рағбатлантиришга қаратилди. Ҳозирча бунга тўлиқ эришишнинг имкони бўлмаяпти: чунки бизнес истиқболини олдиндан кўра билиш имконияти яратилмаган, давлат секторида муносиб иш ҳақига эга ишчилар ўрни етишмаяпти.

Иқтисодиётда давлат улушининг юқорилиги ва ижтимоий кредитларни ажратиш соҳасида мукаммал ўйланмаган қарорлар

Иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш бўйича муаммолар кўп, яъни табиий монополия каби омиллар ҳамон соя солмоқда. Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бир қатор инфратузилмавий лойиҳаларни кредитлашга йўналтирилган дастурларда жавобсиз саволлар бисёр.