Биз Максим билан Киевда учрашиб, Kun.uz ва Tribuna.uz ўқувчилари учун махсус интервью олдик.

Интервьюнинг биринчи қисми Максим Шацкихнинг «Динамо Киев» клубидаги, иккинчи қисми эса Ўзбекистон миллий жамоасидаги фаолиятига бағишланди. Учинчи қисмида ўзбек футболидаги муаммолар ҳақида гаплашдик. Шунингдек, мухлислардан тушган саволларга жавоб олдик.

– Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинларини кузатиб борасизми? Сўнгги натижалар ҳақидаги фикрингиз.

– Ҳа. Саудия Арабистонига қарши ўйинни кўрдим, менга ёқди (ЖЧ-2022 саралаши, Ўзбекистон – Саудия Арабистони 2:3, Kun.uz изоҳи). Менимча, бир неча футболчи алмаштирилгач, ўйин суръати ўзгарди. Жамоа орқага чекина бошлади. Албатта, бу футболчиларнинг руҳияти билан боғлиқ – муҳим ўйин, 2:1 ҳисобида олдиндамиз, уни ушлаб қолишга интиляпмиз.

Рақибда вазиятлар деярли йўқ эди. Бир неча футболчи алмаштирилгач, ўйин охирида тўпни бериб қўйдик. Қарши ҳужумда ўйнайдиган футболчиларимиз қолмади, балки мағлубият сабаби шундадир.

Бундан ташқари, омад ҳам юз ўгирди. Ҳисоб тенглаштирилгандаги зарбани кузатдим. Тўп йўналиши умуман тушунарсиз бўлди. Ҳимоячилар тўсишга уринишди, аммо бефойда... Учинчи гол ҳам шундай...

Бу вазиятларда кимнидир шахсан айбдор қилиб бўлмайди. Хатолар кетма-кетлиги, чарчоқлик, катта босим... Жуда муҳим ўйин эди, нима қилиб бўлса ҳам ғалаба қозониш керак эди. Аммо, ҳали ҳам ҳеч нарса йўқотилмади. Шунчаки энди сафарда қийинроқ бўлади. Чунки бу охирги ўйин бўлади, рақиб ҳам бор кучини сарфлайди.

Менимча, араблар бошқа очко йўқотмаса керак. Саудия Арабистонини мағлуб этиш осон бўлмайди.

– Фаластиндан учралган мағлубиятдан сўнг Эктор Купер истеъфога чиқарилди. Бу ҳақдаги фикрингиз қандай?

– Унга камида цикл охиригача имкон бериш керак эди, деб ҳисоблайман. Ўртоқлик ўйинлари ўз йўлига. У бирорта расмий ўйин ўтказмаганди. У жамоани бир йил тайёрлади. Ўртоқлик ўйинларидаги рақиблар ҳам яхши эди.