Ўзбекистон | 10:34 / 28.02.2020
8005
2 дақиқада ўқилади

Норбоева: «Ислоҳотларнинг энг оғир йўналиши – камбағалликни бартараф этиш»

Танзила Норбоева мамлакатдаги камбағалликни ислоҳотларнинг энг оғир йўналиши сифатида қайд этди

Фото: KUN.UZ

Айни дамда Сенатнинг иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлисни очиб берган Сенат раиси Танзила Норбоева мамлакатдаги камбағаллик масаласига тўхталиб ўтди. 

“Ўзбекистон тарихида илк маротаба мамлакатдаги камбағаллик муаммоси очиқ тан олинди. 4-5 млн аҳоли камбағалликда яшамоқда. Давлат раҳбари ҳам бу масала ўзларини қийнашини таъкидладилар. “Одамларнинг ҳаётий эҳтиёжлари учун етарли маблағ борми, овқатланиши, фарзандларининг таълими, даволаниш учун етарли маблағга эгами, деган савол мени қийнайди”, деб айтдилар. Шу боис камбағалликни камайтириш масаласи сенаторларга юклатилган энг асосий вазифа ҳисобланади. Бу масалада сенаторлар асосий ташкилотчи бўлиши керак”, дея Сенат раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Танзила Норбоева мамлакатдаги камбағаллик ислоҳотларнинг энг оғир йўналиши эканлигини таъкидлаб ўтди.

“Халқимиз ориятли, камбағалликни бошдан кечирса ҳам, бировга билдирмайди. Уларга ёрдам бериш керак. Давлат томонидан бунинг учун катта маблағ ажратилади, уларни тўғри йўналишда сарфлаш, жорий йил охирига қадар камбағал қатламнинг ҳаётини қулайлаштириш, камбағаллик даражасини қисқартириш масаласи турибди. Барча сенаторлар маҳаллий кенгаш депутати сифатида ўз ҳудудидаги камбағал оилаларнинг рўйхатини тузиб, уларнинг шаънини ҳимоя қилган ҳолда, тадбиркорликка ўқитиш масаласини кўриб чиқиш керак”, дейди у.

Норбоеванинг қўшимча қилишича, камбағалликни камайтириш масаласи бўйича ижро органлари раҳбарларининг ҳисоботи Сенатда давомий тинглаб борилади.

Мавзуга оид