Ўзбекистон | 18:02 / 29.02.2020
23942
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда иккита янги кодекс ишлаб чиқилади

Фото: Facebook /@yoshlarittifoqi.uz

Ўзбекистонда Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»да айтилган.

Қайд этилишича, кодекс лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилади:

- тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини тўлиқ кодификация қилиш, миллий иқтисодиётнинг бозор муносабатларига ўтишини ҳисобга олган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини монополияга қарши тартибга солишни тубдан қайта кўриб чиқиш;

- Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик эркинлигини таъминлайдиган ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шарт-шароитлар ва кафолатлар, тадбиркорлик субъектлари ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлар муносабати билан юзага келадиган жамоатчилик муносабатларини тартибга солиш;

- тадбиркорлик эркинлиги, инсоннинг иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш;

- тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашганлик, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини чеклаш ёки тўхтатиб туриш, уларга зарар етказишга қаратилган ноқонуний ва асоссиз ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш;

- тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини янада ҳимоя қилиш масалаларида жамоатчилик назорати механизмларини жорий этишни таъминлаш.

Муддати - 2021 йил, масъул ижрочилар - Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, Бизнес омбудсман, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инвестиция кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш мўлжалланган.

Унда:

- инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш, инвесторлар ҳуқуқлари кафолатлари ва инвестицияларни, шу жумладан, хорижий инвестицияларни, инвестиция фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни, янги ва юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқаришларни ҳимоя қилиш масалаларини тартибга солувчи масалалар;

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инвестиция лойиҳаларини давлат экспертизасидан ўтказиш, хорижий инвесторлар, банк ва тижорат ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилаш режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид