Оқдарёда бузилаётган девор ва уй машмашаси: МИБ томонидан ижро ҳаракати олиб борилгани маълум бўлди
Ижтимоий тармоқларда 28 февраль куни Самарқанд вилояти Оқдарё туманида аҳоли турар жойлари яқинида қурилган қурилмани бузаётган расмийлар билан боғлиқ видеотасвир тарқалди.
Унда ички ишлар органлари ходимлари ва фуқаролик кийимидаги расмийлар тикланган деворларни бузаётгани, қайсидир оила бунга қаршилик қилаётгани ва ёш болаларнинг қўрқиб чинқираётгани тасвирланган. Мазкур видео тармоқда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ушбу видеода тасвирланган воқеа юзасидан Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси матбуот хизмати расмий муносабат эълон қилди.
Унда айтилишича, фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судининг 24.10.2019 йилдаги ижро варақасига асосан қарздор Файзиев Феруз Махманазарович томонидан Оқдарё тумани Лойиш шаҳарчаси, Янгиобод кўчасидаги ноқонуний равишда эгаллаб олинган 0,12 гектар ер майдонидаги ўзбошимчалик билан қурилган 16 кв.м.дан иборат бино ва 25 метр узунликдаги деворни қарздор ҳисобидан бузиш ва ер майдонини аввалги ҳолатида қайтариш тўғрисидаги ижро ҳужжати 2020 йил 11 январда МИБ Оқдарё туман бўлими иш юритувига келиб тушган.
Қарздор Ф.Файзиев ушбу ижро ҳужжати бўйича қурилган ноқонуний бино ва деворни ўзининг ҳисобидан бузиш ва ер майдонини аввалги ҳолатига қайтариш тўғрисида давлат ижрочилари томонидан бир неча марта огоҳлантириш олган бўлишига қарамасдан, ҳужжатнинг ижросини ихтиёрий равишда бажармасдан келган.
Шу сабабли 26 февраль куни тегишли тартибда туман ҳокимлиги, ИИБ, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, тиббиёт бирлашмаси, ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари иштирокида мажбурий ижро ҳаракатларини амалга ошириш давомида қарздор Ф.Файзиевнинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари томонидан тўсқинлик қилингани сабабли ижро ҳаракатлари қисман амалга оширилган. Қарздор Ф.Файзиев томонидан ушбу ноқонуний қурилган бинонинг бузилмай қолган қисмини ихтиёрий равишда, ўз ҳисобидан бузишини билдиргани сабабли ижро ҳаракатлари бошқа кунга қолдирилган.
«Ижро ҳаракати давомида давлат ижрочиларига нисбатан жавобгар ҳамда унинг қариндошлари томонидан ноқонуний ҳолатлар содир этилмаган», дейилади МИБ муносабатида.
Мавзуга оид
18:40 / 09.11.2024
МИБнинг Андижон ва Фарғона вилоятлари бошқармаси раҳбарлари ўзгарди
07:37 / 08.11.2024
202,9 млрд сўмлик ижро ишларини асоссиз равишда тугатган МИБ мансабдорлари аниқланди
16:17 / 02.11.2024
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди
17:12 / 30.10.2024