29 февраль куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида АҚШ ва Афғонистоннинг «Толибон» ҳаракати ўртасида узоқ кутилган, афғон халқига умумиллий ярашиш келтириши мумкин бўлган тинчлик битими имзоланди.
Афғонистон Ўзбекистон томонидан Марказий Осиё минтақасининг ажратиб бўлмас қисми сифатида кўрилади, шу сабабли ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатилиши жуда муҳим. Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши Афғонистондаги вазият барқарорлашувига тўғридан-тўғри боғлиқ.
Мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Афғонистон бўйича олий мақомдаги конференцияни Афғонистоннинг ички сулҳ жараёнининг фаоллашувига Ўзбекистоннинг муҳим улуши сифатида тилга олиш мумкин.
Ўша муҳим тадбирда Ўзбекистон ва Афғонистон президентлари, БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзолари бўлган барча давлатларнинг, минтақадаги мамлакатларнинг ҳамда нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирок этишган эди.
Ўшанда Тошкент конференциясида чиқиш қилар экан, Ўзбекистон президенти Афғонистондаги можарони ҳал этиш йўллари бўйича аниқ стратегик қарашларини намойиш этган эди ва Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришда дастуриламал бўлган «Тошкентнинг афғон сиёсати»нинг асосий устуворликларини белгилаб берган эди.
Форумнинг асосий якуни Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг асосий принциплари бўйича минтақавий ва глобал даражада тўлиқ ҳамфикрликни мустаҳкамлаган Тошкент декларациясининг бир овоздан қабул қилиниши бўлган эди.
Қатар пойтахти Доҳада ўтказилган тадбир иштирокчилари Афғонистондаги тинчлик жараёнида Ўзбекистоннинг роли қай даражада бўлгани борасида ўз фикрларини билдиришди.
Жумладан, АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод МТРК мухбирига шундай деди:

— Ўзбекистон президенти ташаббуси билан ўтказилган Тошкент конференцияси ҳозирги амалий натижаларга эришишда муҳим асос бўлди. Ушбу конференциядан сўнг АҚШ ва «Толибон» ҳаракатининг музокаралари ўтказилди. Улар шунчаки музокаралар бўлгани йўқ. Уларда Афғонистон ички кучлари ўртасида музокаралар ўтказиш имконини берди.

















