Сўнгги вақтларда ташлаб кетилган фарзанд тирик ё ўлик ҳолда топилгани ҳақида хабарлар кўп учрамоқда. Айрим ҳолатларда айбдорлар топилаётган бўлса, баъзиларида норасидасини ташлаб кетганларни аниқлаш имкони бўлмаяпти. Баъзан, янги туғилган чақалоғини сотишгача ҳам бормоқда инсон. Яқингинада 8 ёшли, кўзни қувонтирадиган, қалбга умид бағишлайдиган ёшдаги фарзандини сотмоқчи бўлган она ушланди.
Бу каби ҳодисалар, онда-сонда учраб турган тақдирда ҳам жамиятдаги энг аянчли иллатлардан бири десак, муболаға бўлмайди. Шу муносабат билан, Kun.uz мухбири Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Фатво бўлими ходими Ҳикматилла домла Тоштемиров билан учрашиб, мазкур муаммо, никоҳсиз туғилган фарзандлар ҳукми, қиз фарзанд вояга етгунича масъулият кимдалиги ҳақида саволлар билан мурожаат қилди.
– Ассалому алайкум, домла. Фарзандларини ташлаб кетиш ҳолатлари... Ҳар бир фарзанд туғилганида ислом фитратида бўлади, деган ҳадис бор. Мазкур муаммоларга ислом қарашини сўзлаб берсангиз.
– Никоҳсиз туғилган фарзандлар ҳақида. Бундай болаларнинг айби йўқ. Чунки, гуноҳни (унинг ота-онаси бўлмиш) ўша эркак-аёл қилган. Ислом у болани гуноҳкор ҳисобламайди, чунки у тоза фитратда туғиляпти, балоғатга етгунча, ҳеч қандай гуноҳ ёзилмайди ҳам. Балоғатга етганидан кейингина, қилган иши учун гуноҳ ёки савоб олади.
Нотўғри тушунчалар пайдо бўлиб қолган. Фиқҳ китобларимизда ҳам келади: валади зино имомликка ўтмасин, дейилади. Нима учун, деб сўралса, унинг ота-онасининг тайини бўлмагани, илм ололмаган, етарли билими бўлмагани эътиборидан у ман қилинади. Аслида, унинг илми бўлса, ўзининг салоҳияти бўлса, намозни жой-жойига қўя олса, у имомликка ўтиши мумкин.

Аммо, китобларимизда умумий ёзилган. Эътиборга олинган нарса шуки, ота нотайин, она нотайин, улар етарли билим ололмаган бўлди, билимсиз инсоннинг имомликка ўтиши макруҳ деган маъно ётади.
Демак, бундай болалардан жирканиш, уларни жамиятдан ажратиб қўйиш мутлақо нотўғри иш. Аксинча, уларни бағрига олиб, тарбиялаб, келажакда яхши инсон қилиб етиштиришга ҳаракат қилинса, албатта, бу натижасини беради. Бу ерда, уни никоҳсиз дунёга келтирганлар айбдор ҳисобланади.
– Фарзандларини ташлаб кетаётган оналар учраяпти. Булар ҳақида нима дейиш мумкин?
– Бир ёлғон иккинчи ёлғонни келтириб чиқаради. Бир гуноҳни тан олмаслик иккинчи бир гуноҳни келтириб чиқаргани каби, ношаръий йўлдан дунёга келган фарзандларни уларнинг ота-оналари ўлимга ҳам маҳкум қилиб қўймоқда. Кўплари бу дунёга келмасданоқ, охиратга кетяпти. Туғилганларининг айримларини ташлаб кетиш ҳолатлари ҳам бор. Уларга насиҳатимиз, айбни тан олиш, пушаймон бўлиш, тавба қилиш керак бўлади.

















