Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасига давлат чегарасидан кириб келаётган фуқаролар уларнинг қайси давлат фуқаролигидан қатъий назар COVID-19 коронавирус касаллиги бўйича эпидемик вазият мураккаб бўлган давлатлардан тўғридан-тўғри ёки бошқа давлатлар орқали кириб келаётган бўлса бу тартиблар жорий этилади. Агарда, фуқаролар “COVID-19” коронавирус касаллиги қайд этилмаган бошқа давлатларда 14 суткадан ортиқ вақт мобайнида истиқомат қилиб, сўнгра Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган бўлса - уларга нисбатан карантин ва чекловлар жорий этилмайди.

1. Хитой Халқ Республикаси, Жанубий Корея Республикаси, Эрон Ислом Республикаси, Италия, Афғонистон Ислом Республикаси, Япония давлатларидан тўғридан-тўғри ёки бошқа давлатлар орқали, бир вақтда уюшган ҳолда кириб келганда фуқаролар 14 суткага карантинга олинади.

Истиснолар: расмий ва ҳукумат делегациялари аъзолари, шунингдек, хизмат ва дипломатик паспорт эгалари, авиакомпаниялар учувчилари ва экипаж аъзолари, локомотив бригадалар, темир йўл транспортининг транспорт фаолияти билан боғлиқ шахслар ва халқаро автоуловларда юк ташиш билан шуғулланадиган ҳайдовчилар.

Кириб келаётган фуқаролар давлат чегарасидан кириш жойида ҳудудий ҳокимият органлари томонидан белгиланган жойларга уюшган ҳолда автобусда олиб борилади, 14 сутка мобайнида узлуксиз равишда аҳолидан изоляция қилинади. Ушбу муассасаларда инсон ҳаёти учун зарур барча шарт-шароитлар яратилади. Фуқароларга карантин мобайнида карантинизация жойини тарк этишга рухсат берилмайди.

Тиббий ходимлар томонидан карантин мобайнида амалга ошириладиган чора-тадбирлар: тиббий кўрикдан ўтказиш, тана ҳароратини, артериал босимини ўлчаш, суриштирув ўтказиш. Тиббий кўрсатмаларга кўра лаборатория тадқиқоти учун бурун-ҳалқумидан биоматериаллар ва зарурият туғилганда бошқа усуллар учун намуналар олиниши мумкин.

Карантин тугагандан кейин (шифохонадан чиққандан кейин), 10 кун мобайнида тиббиёт ходими томонидан телефон орқали сўраш ўтказади.

Карантиндаги шахслар томонидан интизомни бузиш ҳолатлари кузатилса, маъмурий жавобгарликка тортиш белгиланган.

2. Хитой Халқ Республикаси, Жанубий Корея Республикаси, Эрон Ислом Республикаси, Италия, Афғонистон Ислом Республикаси, Япония, Франция, АҚШ, Германия, Сингапур, Испания, ХХР Гонконг, ХХР Макао, ХХР Тайван - уй шароитида изоляция. Бу давлатлардан келган шахслар охирги ташрифидан 14 кундан кам вақт ўтган бўлса тиббий чекловга олинади.

Истиснолар: расмий ва ҳукумат делегациялари, шунингдек хизмат ва дипломатик паспорт эгалари, авиакомпаниялар учувчилари ва экипаж аъзолари, локомотив бригадалар, темир йўл транспорти фаолияти билан боғлиқ шахслар ва халқаро автоуловларда юк ташиш билан шуғулланадиган ҳайдовчилар.