Президент қарори билан, 2020 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланган.

Ташкилий қўмита Наврўз байрамини Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, шунингдек, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори савияда нишонлаш бўйича «Наврўзинг — янги кун, янги давронинг муборак, жонажон Ўзбекистоним!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган Наврўз умумхалқ байрамини ўтказиш концепцияси ва ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини бир ҳафта муддатда ишлаб чиқади ва амалга оширади.

Концепция ва дастурни тайёрлашда барча тадбирларни том маънода умумхалқ сайли ва шодиёнаси сифатида ўтказиш, уларда кенг халқ оммасининг фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилиши белгиланмоқда:

  • Наврўз кунларида инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътибор яққол ўз ифодасини топишини кўрсатиб берадиган, атроф-муҳитни, унинг неъматларини асраб-авайлаш, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш;
  • сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, халқимизнинг ҳаёти, қалби ва онгида юз бераётган ижобий ўзгаришларни Наврўзнинг азалий қадрият ва анъаналарига ҳамоҳанг тарзда, таъсирчан усулларда ифода этиш;
  • барча шаҳар ва қишлоқларда ташкил этиладиган байрам тадбирларида, оммавий ахборот воситаларида Наврўз байрамининг тарихи, ҳар бир ҳудуд аҳолиси ўртасида уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одат ва анъаналарнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг ёритиш;
  • халқимизга хос бўлган меҳр-мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик фазилатлари асосида нуроний кексаларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш;
  • юртимизда миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишларнинг амалий натижалари, Ўзбекистон фуқароси бўлган турли миллат ва элат вакилларининг Наврўзни нишонлашга оид урф-одатлари, анъана ва қадриятларини кенг намойиш этиш;
  • ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш Наврўз байрами арафасида шаҳар ва қишлоқларда, маҳаллаларда умумхалқ ҳашарлари, кенг қамровли ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш;
  • тадбирлар бўлиб ўтадиган жойларда ҳунармандчилик кўргазмалари, китоб расталари, кўчма савдо дўконлари, кўклам таомларини тайёрлаш ва уларнинг савдосини ташкил қилиш.