Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси 1 октябр куни Тошкентда Сурияга қарши ўртоқлик учрашуви ўтказади. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
Ўйин бошланиш вақти соат 19:00 экани кўрсатилган, аммо шаҳардаги айнан қайси стадионда бўлиб ўтишига аниқлик киритилмаган.
ФИФАнинг янгиланган рейтингига кўра, Ўзбекистон 60-ўринда, Сурия эса 83-ўринда жойлашган.
Ўзбекистон ва Сурия миллий жамоалари шу вақтгача етти марта ўзаро ўйнаган. Шундан учтасида сурияликлар, иккитасида ўзбекистонликлар ғалаба қозонган, икки ўйин дуранг ҳисоб билан тугаган. Умумий тўплар нисбати – 5:5.
Сўнгги ўзаро ўйин 2024 йил январида Қатар мезбонлик қилган Осиё кубоги доирасида бўлиб ўтган ва унда 0:0 ҳисоби қайд этилганди.
Фабио Каннаваро бошчилигидаги миллий жамоаси 2027 йилги Осиё Кубогига (турнир 7 январдан 5 февралга қадар Саудия Арабистонида ўтказилади) тайёргарлик жараёнини бошламоқда. Кузги йиғин доирасида 24 сентябр куни Фарғонада Эрон, 6 октябр куни сафарда Жанубий Кореяга қарши ўртоқлик ўйинлари ҳам ўтказилиши режалаштирилган.















