Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги ваколатхонаси маҳаллий корхоналарда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари билан сайёр учрашувлар ўтказди.
Дипломатлар нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Сибпекар», мева-сабзавот маҳсулотларини қадоқлаш ва сотиш билан шуғулланувчи «Хилокс товар базаси» ҳамда металл қуйишга ихтисослашган SIBELEKTROTERM корхоналарида ишлаётган ватандошлар билан учрашган.
Фуқароларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам бўйича маслаҳатлар берилди. Шунингдек, уларга колл-марказлар маълумотлари ва дипломатик ваколатхоналар манзиллари кўрсатилган материаллар тарқатилди.
Мулоқотларда иш ҳақини ўз вақтида тўлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон фуқароларига иш ҳақи асоссиз равишда кечиктирилса, муаммони тезкор ҳал этиш учун Миграция агентлигининг Новосибирскдаги ваколатхонасига мурожаат қилиш мумкинлиги тушунтирилди.
Учрашувлар давомида оғир молиявий аҳволга тушиб қолган ва Ўзбекистонга қайтишга муҳтож бўлган олти нафар фуқарога, жумладан, вояга етмаган болаларга амалий ёрдам кўрсатилди. Улар учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ватанга қайтиш чипталари тақдим этилди.
Бош консулхона Новосибирск вилоятидаги Ўзбекистон фуқароларига ҳужжатларни расмийлаштириш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кўмаклашишни давом эттиришини маълум қилди.















