Халқ депутатлари Миришкор туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси вақтида туман ҳокими Бахтиёр Ражабов ишдан олинди. Бу ҳақдаги маълумот Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан тасдиқланди.
Сессияда нутқ сўзлаган вилоят ҳокими Зоир Мирзаев Бахтиёр Ражабовни халқ билан ҳисоблашмасликда айблаган.

Президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев ҳам иштирок этган йиғилишда туманга янги раҳбар тайинланган.
Эндиликда Миришкор туманига Ғ.Бегалиев янги раҳбар этиб тайинланган. У шу вақтгача Қарши тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётганди.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабовга тегишли экани айтилган аудиоёзувда ҳоким йиғилиш иштирокчиларини пул тушумларини ўз вақтида таъминламагани учун турли сўзлар билан ҳақоратлагани ва сўккани, шунингдек, баъзиларни ургани эшитилган.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги бу аудио бўйича муносабат билдириб, Бахтиёр Ражабов 28 февраль кунги йиғилишда қўл остидагиларни ҳақорат қилганини тасдиқлади, Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам ушбу хабар бўйича муносабат билдирди.
3 март куни Қашқадарё вилоят ҳокимлигидаги кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди ва унда вилоят раҳбари Зоир Мирзаев Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабовнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоси бўйича муносабат билдирди.
«Иш фаолиятимизнинг кўп қисми ҳокимлар ва раҳбарларни тартибга чақириш билан ўтиб кетяпти. Миришкорнинг зўравон ҳокими ўз хатти-ҳаракати билан вилоят номига доғ туширди. Бирор бир ҳокимда яхши ташаббус кўрмаймиз, одамларнинг турмуш тарзини яхшилаш мақсадида улар таклиф ҳам бермайди. Афсуски, замон ўзгараётганини сиз раҳбарлар сезмаяпсизлар», деганди у.







