Ҳужжат билан ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) умумий жойлаштириш, шу жумладан бинолар ташқи қисмида ўрнатиш тартиби, шунингдек шаҳар ёки ҳудудларнинг ижтимоий фаоллигини, тарихий-маданий қийматини ҳисобга олган ҳолда ўрнатиладиган объектларнинг турлари ва кўринишларини, дизайнерлик ечимлари ва ўлчамлари белгиланади.
 
Norma’нинг ёзишича, низом талаблари қуйидагиларга татбиқ этилмайди:

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жисмоний ва юридик шахслар тўғрисида ахборот жойлаштирилган маълумот тахталари ва бошқа техник воситалар;

реклама хусусиятига эга бўлмаган маълумотлар тахтаси;

бинолар (иншоотлар) ташқарисида ва ер ости пиёдалар ўтиш жойларида (реклама хусусиятига эга бўлмаган) фақат афиша ва эълонлар жойлаштириш (тарқатиш) учун мўлжалланган техник воситалар. Бундай техник воситаларда афиша ва эълонларни жойлаштириш қонунчиликка мувофиқ айрим ташкилотларга ёки фуқароларга юклатилган бўлади;

савдо объекти ёки хизмат кўрсатиш объекти ички тарафида маҳсулотни сақлаш, кўчириш, қадоқлаш, намойиш этишга мўлжалланган реклама кўринишидаги мебель, инвентарь, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалар.
 
Низом билан тасдиқланган талабларни амалга ошириш бўйича ваколатли органлар этиб туман (шаҳар) ҳокимликлари белгиланган.
 
Ташқи реклама фаолияти юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан амалга оширилади. Республика ҳудудида ўрнатилган ташқи реклама объектлари (конструкциялари) мавжуд биноларнинг ташқи меъморий кўринишига мос келиши, уларни жойлаштириш жойлари эса ҳудудий режалаштириш схемасига мувофиқ бўлиши керак. Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) уларга реклама ёки ахборот хабари ёки тасвирни жойлаштирмасдан ўрнатишга ва фойдаланишга йўл қўйилмайди.
 
Ташқи реклама объектлари (конструкциялари) реклама жойининг паспорти ва техник чизмаси мавжуд бўлганда ўрнатилади. Транспорт воситаларининг ҳаракатланиш зонасида иш олиб боришда, объектлар (конструкцияларни) ўрнатишда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши керак.
 
Ташқи рекламани йўл четидаги махсус ҳудудда ўрнатишда ажратувчи йўлакларда ва йўл четидан 1 метр ва ундан кам бўлган масофада жойлашган ташқи реклама объектлари (конструкциялар) ҳайдовчи ва пиёдалар учун кўришни чекламаслиги лозим. Реклама майдонининг пастки четидан йўл қопламаси юзасигача бўлган масофа 5 метрдан кам бўлмаслиги ва техник восита конструкцияси транспорт воситалари ҳайдовчилари учун кўришни чекламаслиги лозим.