Жаҳон | 00:20 / 05.03.2020
10489
1 дақиқада ўқилади

Украинада янги бош вазир тасдиқланди

Фото: Twitter/verkhovna_rada

Украина олий радаси президент Владимир Зеленскийнинг бош вазир лавозимига Денис Шмигални тасдиқлаш таклифини қўллаб-қувватлади. Авалроқ, 4 март куни бош вазир лавозимини эгаллаган Алексей Гончарук истеъфога жўнатилганди.

45 ёшли Шмигалнинг номзоди учун 291 депутат овоз берган, 59 депутат қарши чиққан, 49 депутат бетарафлик билдирган.      

Шмигал 5 февралдан бошлаб бош вазир ўринбосари ҳамда жамоалар ва ҳудудларни ривожлантириш вазири лавозимларини эгаллаб келган. Бунгача у Ивано-Франковск областига раҳбарлик қилган.

Украина қонунчилигига кўра, янги бош вазирни 226 депутат қўллаб-қувватлаши керак. 

Шмигал рада депутатлари олдидаги нутқида у бошчилик қиладиган ҳукуматнинг биринчи вазифаларидан бири 2020 йилги бюджетни қайта кўриб чиқиш бўлишини айтган.

Ўз навбатида мухолифат вакиллари Шмигалнинг бош вазир лавозимига тасдиқланишини танқид қилиб, “ҳокимиятнинг янги тажриба ўтказишга уриниши” деб айтишган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид