Суҳбатда Мирхолдиршоевнинг футболчилик фаолияти, хотиралари, ўзбек футболидаги муаммолар, жумладан, ҳужумчилар етишмовчилиги ҳақида сўз боради.

– Футболга қандай кириб келгансиз?

– Футболга кириб келишим маҳалладан бошланган. 6 ёшимда эса отам биринчи мураббийим Шукрулло Абдуллаевга олиб бордилар. Кейинчалик «Навбаҳор-3»да Усмон Асқаралиев, Олег Халиулин, Анвар Ўринов каби мураббийлар қўл остида ўйнадим. Асосий таркибга эса Виктор Жалилов жалб этган.

– Қайси футболчиларнинг ўйинлари сизга мотивация бера олган? Ҳужумчи бўлишингизга туртки берган?

– Марадона, бразилиялик Роналдо ва Шевченконинг ўйинларини қизиқиш билан кўрардим.

Ўзбекистон чемпионатида ҳам юқори маҳоратли футболчилар ўйнарди. Ёшлигимда отам «Навбаҳор»нинг ўйинларига олиб тушардилар, Фарҳод Магомедов, Олег Шацких, Рустам Дўрмонов каби ўйинчиларнинг ҳаракатларини кузатардим.

Авваллари «Навбаҳор» ўйинларидан олдин стадионда ёш болалар футбол ўйнашарди. Мухлислар қаршисида ўзимизни кўрсатишга ҳаракат қилардик. Ўйин бошлангач эса болбой вазифасини бажарардик.

– Ёшлигингизда пойабзал сотиш билан шуғулланганингиз ростми?

– Йўқ, пойабзал сотмаганман. Акамга нон сотишга ёрдамлашардим. Кун давомида 4та нарсага улгурардим: дарс, акамга ёрдамлашиш, футбол ва карате.

Шу пайтларда отам олиб берган спорт оёқ кийимини 3-4 йил авайлаб киярдим. Шароитлар борасида ҳозирги ёшларга ҳавас қилса арзийди.

– Лекин шароитлар яхшилангани билан натижалар ўзгармаяпти-ку?

– Ўзим ҳам шунга ҳайронман. Натижалар кўринмаяпти. Футболчилар, хусусан, ҳужумчилар камайиб кетаётгандек. Бизнинг давримизда миллий жамоага номзод 10-12та ҳужумчи бўларди, ҳар бир клубда 2-3та юқори савияли ҳужумчилар бор эди. Мураббийлар қайси ҳужумчини майдонга туширишни билмай боши қотарди.

Аввалги футболчилар машғулотлардан кейин қолиб, яна 1 соатча ўз устиларида ишлашарди. Ҳозир эса футболчилар машғулотлар тугаши билан шошиб кетишади.