Интервьюнинг биринчи қисмида Мирхолдиршоевнинг «Навбаҳор»даги фаолияти, хотиралари, ўзбек футболидаги муаммолар, жумладан, ҳужумчилар етишмовчилиги хақида сўз борганди.

Иккинчи қисмда эса ҳужумчининг «Насаф» ва «Андижон»даги фаолияти, ОФК Кубогидаги ғалаба, водий дербилари, Суперлига савияси ва ўзбек футболидаги келишув қўнғироқлари тўғрисида ўқишингиз мумкин.

– Фидойи футбол раҳбарлари сифатида кимларни айта оласиз?

– Ҳам мухлис, ҳам раҳбар сифатида Ҳакимжон Ҳошимовни тан оламан. Раҳматли Нуриддин Зайниев Қашқадарё футболи учун катта ишлар қилиб кетдилар. Бу ҳозиргача мевасини бермоқда. Ҳозирги кунда эса Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бизга чексиз имкониятлар яратиб бермоқдалар.

– «Андижон»даги фаолиятингиз ҳақида айтиб берсангиз.

– «Андижонда» бошқачароқ эди. Ўша пайтларда шароитлар, ўқув-машғулот базалари, майдонлар Наманган ва Қарши билан солиштирганда яхши эмасди. Лекин мухлислар Нодир ака бошчилигида юқори даражада ишқибозлик қилишарди. Мухлислик маданияти яхши йўлга қўйилганди.

– «Андижон»даги футболчилар ичида яқин шерикларингиз кимлар эди?

– Бахтиёр Ҳамидуллаев, Раҳим Қодиров, Расул Раҳмонов. Ундан ташқари легионерлар билан муносабатларим аъло даражада эди.

– «Насаф»га ким таклиф этган?

– Рўзиқул Бердиев таклиф этган. Сўнг Анатолий Демьяненко, Нуриддин Зайниев ва клуб раҳбарлари билан гаплашгач, шартномага имзо чекканман.

«Насаф»га мослашишда 1-2 ой қийналганман. Лекин кейинчалик ҳаммаси изига тушиб кетган. Жамоада кучли футболчилар ва мураббийлар йиғилганди. Ташкилотчилик ҳам хавас қиларли бўлган. Бу жамоада ўйнаганимдан фахрланаман. «Насаф» мен учун янги чақирув бўлган.