Италия бош вазири Жузеппе Конте янги чеклов чоралари ҳақида эълон қилди. 

Унга кўра, Италияда 8 мартдан бошлаб Ломбардияга, шунингдек, яна 14та провинцияга кириш ва чиқиш тўхтатилади. Ёпилган провинциялар: Парма, Пьяченца, Римини, Режо-нель-Эмилия, Модена, Пезаро, Урбино, Падуя, Тревизо, Алессандрия, Вербано-Кузио-Оссола, Новара, Верчелли ва Асти. Зарурат туғилса, бу ҳудудлар беморларни ўзаро қайта тақсимлаши кўзда тутилган.

Сайёҳлар орасида машҳур бўлган Милан ва Венеция шаҳарлари карантин ҳудудида қолган.

Карантинга олинган провинцияларга кириш ва улардан чиқишга фақат фавқулодда ҳолатлардагина рухсат берилиши мумкин.

Контенинг сўзларига кўра, гап фақат бу ҳудудларга кириш ва чиқишни чеклаш ҳақида кетмайди, карантин ҳудудларида ҳам алоҳида чекловлар жорий этилади. Музейлар, тоғ-чанғи курортлари, бассейнлар, спортзаллар, тунги клублар ҳамда бошқа оммавий ва маданий тадбирлар ўтказиладиган бошқа жойлар ёпилади. Мактаблар ва университетлар аллақачон ёпилган, диний маросимлар тўхтатилган.

Ресторан ва барлар ҳозирча ишлашда давом этиши мумкин, аммо бир шарт билан - мижозлар бир-биридан хавфсиз масофада (камида бир метр) жойлаштириш таъминланиши керак. Карантин ҳудудида қолган одамларга имкон қадар кўчага чиқмаслик тавсия этилмоқда. Карантин режимини бузганлар уч ойгача қамалиши мумкин.

Карантин ҳудудидаги А Серия учрашувлари ва бошқа йирик турнирлар томошабинларсиз ўтказилади.

Чекловлар камида 3 апрелга қадар амалда бўлади. Ломбардияда 10 миллионга яқин киши яшайди. Карантин ҳудуди жами 16 миллион кишини қамраб олади.

Умумий эҳтиёт чоралари бутун Италия бўйлаб кўрилмоқда: музейлар ва букмекерлик идоралари ёпилмоқда, оммавий тадбирлар, хусусан, фильмлар, спектакллар намойишлари ва спорт мусобақалари бекор қилинмоқда.

Италияда ўлимлар сони кескин ошган
Италия Европада коронавирусдан энг кўп зарар кўрган мамлакат бўлиб турибди. Сўнгги маълумотларга кўра, Италияда 5900га яқин кишида вирус аниқланган - сўнгги бир кун ичида 1200дан ортиқ янги ҳолат қайд этилди, қурбонлар сони 233 нафарга етган - сўнгги бир кун ичида 50 киши вафот этган.