«Кичик Жозе» каттасига қарши
Бутун Европа ҳозирда бир мавзу ҳақида гаплашмоқда. Ҳатто мураббийлардан ҳам коронавирус ҳақида сўрашди. Юрген Клопп глобал мавзуларни муҳокама қилишни ёқтирмаслигини айтди. «Лейпциг» бош мураббийи Юлиан Нагельсманн эса журналистлардан бирининг инфекция ҳақдаги саволига шундай жавоб берди: «Ахир сизлар вирусологлардан бизнинг «Вольфсбург» билан ўйинимиз ҳақида сўрамайсиз-ку?».

Чиндан ҳам, коронавирус мавзуси мураббийларнинг тактикаларига таъсир кўрсатмоқда. Инфекция футболга таъсир кўрсатмоқда: ЕЧЛнинг 1/8 финалдаги учрашувларининг бир қисми томошабинларсиз ўтиши аниқ (ҳозирча қанча учрашувда бундай чоралар қўлланиши номаълум), «Лейпциг»нинг «Тоттенҳэм»га қарши ўйинини ҳам бўш трибуналарда ўтказиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Албатта, томошабинларсиз ўйин майдондаги воқеалар ривожига ҳам таъсир кўрсатади. Ҳозирги ҳолатда «шпорлар»га ўйин бўш трибуналарда ўтказилиши фойдалироқ, меҳмон жамоа сафарда ўз уйидагидек ўйнаши ва вазиятдан чиқиб кетиши мумкин. Биринчи ўйинда «Тоттенҳэм» Лондонда 0:1 ҳисобида ютқазганди ва энди бу жуфтликда Моуриньо шогирдлари фаворит ҳисобланмаяпти. Февраль ойидаги ўйинда лондонликларнинг мағлубияти сабабларидан бири сифатида кадрлар муаммоси келтирилганди, аммо ҳозирга келиб ҳам вазият ўзгармади. Кейн, Сон Хин Мин ва Сиссоко қаторига жамоанинг янги футболчиси Бергвайн қўшилди, Ндомбеле ҳам майдонга тушишга тайёр эмас (бу ҳақда Моуриньо ҳам гапирди). Қисқача айтганда, «шпорлар» майдонда ҳужум чизиғи вакилларисиз ҳаракат қилишига тўғри келади. Жамоа сўнгги беш ўйинда ҳеч кимни мағлуб эта олмагани,  «Норвич»га мағлуб бўлиб Англия Кубогини тарк этгани ҳам бежиз эмас.

«Лейпциг» таркиб жиҳатдан кучлироқ кўринмоқда. Жамоа Бундеслигада «Бавария»ни олдинга ўтказиб юборган ва орадаги фарқ 5 очкога етган бўлсада, жамоа ички чемпионатда қаторасига 6 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия қайд этмоқда. Лекин немислар жамоаси ҳимоя чизиғида муаммолар бор, бу биринчи ўйинда ҳам кўзга ташланган, аммо «Тоттенҳэм» футболчилари гол ура олмаганди.

Бир вақтлар германиялик дарвозабон Тим Визе Нагельсманни «чақалоқ Моуриньо» деб атаганди. Аммо «Лейпциг» мураббийи барчанинг кўз ўнгида ўсишга эришди ва энди Моуриньони энг асосий еврокубокдан чиқариб юборишга тайёрланмоқда.

10 март (сешанба)
«Лейпциг» - «Тоттенҳэм»
Ўйин бошланиш вақти: 01:00
ТВ-трансляция: Futbol TV
Биринчи учрашув: 1:0

Тахминий таркиблар: