Ўзбекистон | 17:57 / 13.03.2020
6959
2 дақиқада ўқилади

Гурлан трикотаж фабрикаси ва ”Мурувват текс Хоразм” шўъба корхонаси Давлат активларини бошқариш агентлигига берилди

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекнефтгаз“ АЖ ташкилотларининг фойдаланилмаётган ва ихтисосли бўлмаган активларидан самарали фойдаланиш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида қарори қабул қилинди.

Гурлан трикотаж фабрикаси / Фото: 1kms.uz

Қарорда маълум қилинишича, “Мурувват текс” МЧЖнинг Хоразм вилояти, Гурлан туманида жойлашган Гурлан трикотаж фабрикаси ҳамда “Мурувват текс Хоразм” шўъба корхонаси белгиланган тартибда “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали 119 млрд сўм баҳолаш қийматида сотувга қўйилган.

Онлайн-аукционларда иштирок этиш учун талабгорлардан аризалар келиб тушмаганлиги сабабли мулкий-мажмуалар бугунги кунга қадар сотилмаган.

Ҳужжат билан Давлат активларини бошқариш агентлиги, Хоразм вилоят ҳокимлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг мулкий мажмуаларни келгусида белгиланган тартибда сотиш учун Агентликка бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Белгиланишича, мулкий-мажмуаларни Агентликка бериш “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг устав капиталидаги давлат улушини ҳамда ўз навбатида “Мурувват текс“ МЧЖнинг устав капиталидаги “Ўзбекнефтгаз” АЖга тегишли улушини мулкий-мажмуаларнинг баланс (қолдиқ) қиймати миқдорига камайтириш ҳисобига амалга оширилади.

Қарор билан ҳукуматнинг қуйидаги қарорлари ўз кучини йўқотди:

Вазирлар Маҳкамасининг “Хоразм вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 26 апрелдаги 308-сон қарорининг 2-банди ҳамда “Нефть-газ тармоғи ташкилотларининг активларидан янада самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 25 августдаги 685-сон қарорига 1-илованинг 154-позицияси.

Мавзуга оид