Бошқа бир видеотасвирда эса фуқаро Фарҳод Боировнинг уйи, у ўзи уйда бўлмаган вақтда бузилиб, унинг қурилиш материалларидан иборат мулки уй эгаси иштирокисиз сотиб юборилганини кўриш мумкин...
Масалани Жиззах шаҳрига бориб ўрганганимизда, фуқаролар шаҳар марказидаги бир нечта хонадон бузилиши билан боғлиқ мазкур воқеалар 2018 йил содир бўлганини айтишди. Ҳозирда бузилган бу уй-жойлар ўрнида хусусий тадбиркор томонидан қурилган кўп қаватли уйлар қад кўтариб турибди.
Фаолиятимиз давомида тадбиркордан «снос» пулини ололмаётган уй-жой эгаларининг манфаатини кўзлаб, бошқа шаҳарлардаги маҳаллий ҳокимлик фуқаролар номидан судга мурожаат этиш ҳолатларига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Чунки қоида бўйича тадбиркор фуқаролар билан келишиб, уларнинг уй-жой ва ерларини сотиб олиб, сўнгра қурилишга киришиши керак. Агар келишувнинг қайсидир қисми бажарилмай қолса, аҳоли эътирозлари асосида, уларнинг манфаатларини кўзлаб ҳокимлик судга мурожаат қилади.
Мурожаатларда эътиборни тортган жиҳат шуки, Жиззахда тадбиркор «дом» қуриши учун бу ерларни бўшатиб бериш билан бошдан охиригача шаҳар ҳокимлиги шуғулланганидан аҳоли норози бўлмоқда. Яъни, фуқаролар билан қайта-қайта судлашиб, уларни мажбуран кўчиришга эришган қарши томон — Жиззах шаҳар ҳокимлиги бўлган!
«Сўнгги бир йилда давлат томонидан «снос» масаласига жиддий эътибор қаратилиб, ҳуқуқлари бузилган фуқаролар масаласи қайта кўриб чиқилаётгани боис, умид билан сизларга мурожаат қиляпмиз.
Жиззах шаҳрининг Навоий кўчасидаги ҳовли-жойлари тортиб олинган бир неча хонадон ҳалигача уй-жойсиз қолмоқда, ахир. Албатта, биз ҳам қараб туролмас эдик, қатор идораларга мурожаат қилдик, судга бердик. Аммо ҳамон сарсонмиз.
Тўғри, биз оддий фуқаролармиз, аммо шаҳар ҳокимлигининг уйларимизни ўзи нархлатиб, ўзи истаган арзимаган пул билан тортиб олишга ҳақли эмаслигини яхши биламиз, буни қолганлар ҳам билишини истаймиз...» — дейишмоқда Навоий кўчасидаги хусусий турар жойларидан ажралган фуқаролар.


Маълум бўлишича, Навоий кўчасидаги уйлар Жиззах шаҳар ҳокимининг 2014 йил 20 февралдаги қарорига асосан шу кўчада кўп қаватли турар жой бинолари қурилиши муносабати билан бузилишга тушган.
Табиийки, бу ҳолда компенсация масаласи ўртага чиқади. Айримлар ҳокимлик тарафидан таклиф этилган компенсацияга рози бўлиб, уйларини тарк этишган. Яна айримлар бош прокуратура ва бошқа ташкилотларга ёзиб, шаҳар ҳокимлиги томонидан таклиф этилган компенсацияга қўшимча маблағ ундириб олишган.



















